Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз ижодкор, атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китоби Озарбайжонда чоп этилди.
Китобни озарбайжонлик ёзувчи ва публицист, адабиётшунос Алмаз Улви Биннатова озар тилига таржима қилган.
Эркин Воҳидов адабиётнинг турли жанрларида сермаҳсул ва самарали ижод қилган, она тилимизнинг чин маънодаги посбонларидан бўлган қаламкаш эди. Айтиш керакки, 2014 йилда чоп этилган “Сўз латофати” китоби эл оғзига тушиб, матбуотда баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.
Китобга таниқли тилшунос, адабиётшунослар, чет эллик олимлар, адиблар муносабат билдирдилар. Кейинчалик ушбу китобнинг тўлдирилган иккинчи нашри чоп этилди. Унга муаллифнинг она тилимиз борасида турли йилларда ёзилган рисолалари, матбуотдаги чиқишлари ҳам киритилди. Асар янги боблар билан бойитилди.
Китоб сўзбошисида устоз Эркин Воҳидовнинг келтирган сўзлари ҳар қайси китобхонда ўз она тилига бўлган ҳурмати ва эҳтиромини янада кучайтиришда алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз.
“...Расул Ҳамзатов авар тилида гапирганда эшитиб ҳайратга тушганман. Қойил қолиб эмас, шу тилда ҳам шеър ёзиб бўладими, деб ёқа ушлаганман. Икки авар сўзлашса, ўдағайлашаяпти, деб ўйлайсиз. Тишда ёнғоқ чаққандек қарсиллаган, тош йўлда арава югургандек тарақлаган овозни эшитасиз. Лекин авар ўз тилини севади. Улуғ шоирлар бу тилда ўлмас шеърлар ёзиб қолдирганлар. Ўзбек тилим бошқаларга қандоқ, билмайман, лекин мен учун дунёда энг бой, энг гўзал, энг баркамол тил...”
Дарҳақиқат, ушбу китобда Эркин Воҳидовнинг она тилимизни асраб-авайлаш борасидаги куйинчаклик билан билдирган фикр-мулоҳазалари, ҳаётий қарашлари, нуқтаи назари ўз ифодасини топган. Асар ўз миллатини, она тилини қадрловчи ҳар бир ўқувчи, шу жумладан, озарбайжонлик ўқувчилар томонидан ҳам катта қизиқиш билан мутолаа этилиши шубҳасиз.
Назокат Усмонова, ЎзА