Эркин Воҳидов сўз заргари эди
Халқимиз севган шоир Эркин Воҳидовнинг шеърий мисралари ҳар биримизнинг қалбимиздан жой олган.
Унинг сену мендек шоирлари кўп,
Буюк элга энди даҳолар керак.
Эл дарди, халқ қайғуси билан яшаган забардаст ижодкор сўз қудратини теран ҳис этган ардоқли ва чинакам шоир эди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидов таваллудига 84 йил тўлганлиги муносабати билан Aҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида шеърият тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи қисқа метражли видеофильм намойиш этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ижодкорнинг миллий адабиётимиз равнақига қўшган улкан ҳисса ҳақида сўз юритишди.
Сўз заргари, тилимиз жонкуяри Эркин Воҳидов бир неча тилни, энг аввало, она тилини чуқур эгаллаган, унинг бойликлари, назокати, таровати, товланишларидан кенг хабардор, сўзни ўз ҳукмига бўйсундирган санъаткор эди.
Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди.
Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.
Тадбир сўнггида атоқли шоирнинг кўнгилга яқин шеърларидан намуналар ўқилди, қўшиқлар куйланди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
М. Сулаймонов, ЎзА