
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамкорлигида эшитув ўтказилди.
Унда депутатлар “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг жойларда ижро этилиши ҳолати юзасидан бир қатор вазирлик ва идораларнинг ҳисоботини эшитди.
Эшитувда эркин иқтисодий зоналар фаолияти, уларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда республикамизда саноат, фармацевтика, аграр ва туризм соҳаларига ихтисослашган 23 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Уларда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 461 та лойиҳа фойдаланишга топширилиши натижасида 36,5 мингта янги иш ўрни яратилган. Ҳозирда 2,8 миллиард долларлик 459 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 38,7 мингта янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шунингдек, умумий қиймати 2,3 миллиард долларлик 229 та истиқболли лойиҳа бўйича шартномалар тузилган.

Жорий йил бошидан ҳозирги кунга қадар эркин иқтисодий зоналарда қиймати 208,6 миллион долларлик 21 та лойиҳа ишга туширилиб, 120,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Экспорт кўрсаткичи йил якунигача 370,4 миллион долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 70 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ)нинг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжудлигини айтиб, бу каби омиллар инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга ўз таъсирини кўрсатаётганини билдирди. Депутатларнинг айтишича, иқтисодий зонада қўшимча электр энергияси, газ, ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини барпо этиш, энг муҳими, ЭИЗлардаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш юртимизда саноатни янада ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим омил бўлади.
– Мамлакатимизда замонавий юқори технологияларни жорий этиш ҳисобига экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мавжуд хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулотлар тури ва улушини кўпайтириш жараёни янада жадал тус олмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов. – Айни вақтда ЭИЗларда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилаётгани қувонарли, албатта. Чунки эркин иқтисодий зоналар ҳудудларда ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан самарали фойдаланиш, пировардида, янги иш ўринларини очиш, аҳолининг барқарор даромади ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Йиғилишда халқ вакиллари фармацевтика йўналишидаги лойиҳалар оқсаётганига эътибор қаратди. Таъкидланганидек, бу йўналишдаги 7 та иқтисодий зоналарда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича 29 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 14 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, қолган 15 тасида муаммо борлиги қайд этилди.
Депутатлар бунинг сабаблари билан қизиқди. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, фармацевтик эркин иқтисодий ҳудудлар фаолиятини ташкил этиш, саноат плантацияларини яратиш ва доривор ўсимликларни етиштириш каби мақсадли дастурларни амалга ошириш асосида дори воситалари ва биологик фаол моддаларнинг ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш мақсадини ўз олдига қўйган. Ушбу дастурий вазифалардан келиб чиқиб, депутатлар бу масала юзасидан жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар олиб бориши, муаммо ечими кимга боғлиқлигини аниқлаши ва масалага ижобий ечим топиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда ЭИЗ иштирокчиларига солиқ ва божхона тўловлари бўйича белгиланган имтиёзларнинг ижросини таъминлаш, самарали инвестиция сиёсатини амалга ошириш, эркин иқтисодий зоналарни истиқболда ривожлантириш концепцияларини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА