Эркин иқтисодий зонада янги корхоналар кўпаймоқда
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиҳалар ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. “Qo'qon Global Teks” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 535 миллиард сўм бўлган йирик ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси тантанали очилди.
Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш масалаларига бўлган эътибори натижасида тадбиркорлар учун яратилган катта имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда барпо этилган ушбу ишлаб чиқариш мажмуасида пахта хомашёси қайта ишланиб, йиллик қарийб 10 минг тонна сифатли ип-калава маҳсулоти ишлаб чиқарилади.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг 60 фоизи ички бозорга сотилиши ҳамда 40 фоизи хорижий давлатларга экспорт қилиниши режалаштирилган. Корхонада 600 тага яқин доимий иш ўрни яратилди.
Вилоятда автомобиллар учун юқори босимли метан газ баллонлари ишлаб чиқариш бошланди.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида “Vicor Metan” масъулияти чекланган жамиятининг автомобиллар учун юқори босимли метан газ баллонлари ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади.
2020 йилдан бери самарали фаолият кўрсатиб келаётган “Kokand Bicycles” хусусий корхонаси таъсисчиси Муҳсинбек Абдураҳимов томонидан ташкил этилган ушбу янги корхонада Хитойнинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда йилига 200 минг дона автомобиль учун юқори босимли метан газ баллонлари ишлаб чиқарилади ҳамда маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоизга етказилади. Шу муносабат билан корхонада 70 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилди.

Тадбирда Президентимизнинг қарори асосида 2017 йилда ташкил этилган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, юртимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити йил сайин янги йирик лойиҳаларни амалга оширишга сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Бугунги кунга қадар “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудига жойлаштирилган инвестиция лойиҳалари сони 135 тага, уларнинг умумий қиймати 759,1 миллион долларга етди. Лойиҳаларнинг тўла ишга тушиши натижасида жами 15 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилади.

Янги корхоналарнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири