Эркин иқтисодий зоналар фаолияти такомиллашмоқда
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ҳудудларда замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ҳудудларда замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишнинг долзарб масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарда бу алоҳида қайд этилди.
Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, олимлар, экспертлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Парламент қуйи палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу йўналишдаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Унга биноан жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда рақобатбардош ва харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, замонавий, илғор ва юқори унумли технологияларни ташкил этиш ва жорий қилиш учун хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу ҳудудларнинг саноат салоҳиятини, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш кўзда тутилган.
Фармон асосида эркин иқтисодий зоналарнинг муайян соҳага ихтисослашувини қўллаб-қувватлаш ва уларда саноат кооперациясини ривожлантириш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш мўлжалланмоқда.
«Ангрен» ва «Жиззах» эркин иқтисодий зоналари иштирокчилари фаолияти давомида экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида олиб келинадиган хомашё, материал ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилиши, зоналар доирасида иштирокчилар ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиниши ва тўланиши белгиланмоқда.
Семинарда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламига етказиш, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўртасида фаол тарғиб қилиш, қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросининг таъсирчан мониторингини йўлга қўйишга доир фикрлар билдирилди.