Пойтахтимизда буюк рус шоири Aлекскандр Сергеевич Пушкин таваллудининг 225 йиллигига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.
Пушкинни дунёнинг кўплаб мамлакатларида жумладан, Ўзбекистонда ҳам катта ҳурмат билан тилга оладилар. Дарҳақиқат, у қолдирган катта адабий мерос, унинг шеърлари адабиёт мухлисларининг ёдида, қалбида.
Адабий тадбир иштирокчилари Пушкин наинки рус шоири, балки жаҳон халқлари шоири эканини алоҳида эътироф этди. У ўз ижодида озодлик, севги, муҳаббат, инсонпарварлик, эзгулик каби умуминсоний ғояларни юксак бадиий маҳорат билан тараннум этди. Шу билан биргаликда ўз халқининг тил бойликларини, маданиятини, миллий қадриятларини шеърият тилида баланд пафос билан куйлади. Шунинг учун ҳам унинг шеърияти боқий шеърият экани тадбирда алоҳида эътироф этилди.
– Мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётгани, уларнинг миллий байрам ҳамда маросимлари нишонланаётгани давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат ифодасидир, – деди Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов. – Ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда адабиёт ва санъатнинг алоҳида ўрни бор. Россияликлар ўзбек алломалари, шоирларини яхши билади, Ўзбекистонда рус тили ҳамда адабиёти ўрганилади. Москва шаҳрида Aлишер Навоийга, Тошкентда Aлександр Пушкинга ҳайкал ўрнатилган.
[gallery-17739]
– Пушкин шеъриятида шарқона мавзуга алоҳида эътибор қаратилган, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Бу борада замонавий шоир ва ёзувчилар Пушкин ижодига худди юз йиллар олдин қандай ҳурмат билан қараган бўлса, ҳозирда ҳам унинг ижоди шундай эҳтиром билан муносабатда бўлмоқда. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг яқинда Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат раҳбарларининг учрашувларида ҳам адабий дўстлик – абадий дўстлик эканига оид масалалар кўтарилган эди.
Ўзбекистон рус маданият маркази раиси Сергей Миронов йиғилганларни байрам билан табриклаб, бундай тадбирлар бугун наинки Тошкентда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётганини таъкидлади. Жойларда шоир таваллудининг 225 йиллигига бағишланган семинар, анжуман ва учрашувлар, маданий тадбирлар, Пушкинхонлик ўқишлари ва бошқалар ўтказилмоқда. Пушкин асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ва шунинг учун бу ерда турли миллат вакиллари тўплангани бунинг мисолидир.
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби A.Наниева республикада истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларга кўрсатилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирди. У Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири С.Лавровнинг рус адабиётининг буюк даҳоси таваллудининг 225 йиллигини нишонлаш муносабати билан йўллаган табрик мактубини ўқиб эшиттирди.
Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таржимонлар томонидан Пушкин шеърларидан намуналар ўқилди. Сўзга чиққанлар ёшларни умумбашарий руҳда тарбиялаш, жамиятда аҳиллик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда адабиёт муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этди.
Адабий тадбирда Пушкин ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА