“Эрк куйчиси эл қалбида мангу барҳаёт”
Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги
Андижон машинасозлик институтида “Эрк куйчиси эл қалбида мангу барҳаёт” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан ёзувчилар, журналистлар, институт ўқитувчи, тьютор ва талабалари иштирок этган тадбирда адиб ҳаёти, фаолияти, ижоди ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси Махпурахон Артиқова, институтнинг ёшлар билан ишлаш ва маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Муҳтарама Холиқова ва бошқалар Усмон Носирнинг қисқа, лекин мазмунли ҳаёт йўли, ўзига хос поэзияси, шеърларидаги жозибадорлик, исёнкорлик, қолаверса, шеърий сатрларининг содда ва равонлиги билан минглаб адабиёт ихлосмандлари қалбидан мустаҳкам жой олганлигини қайд этди.

Усмон Носир эрк, озодлик куйчиси сифатида ХХ аср ўзбек адабиётининг ёрқин юлдузларидан бири эди. Айниқса, у моҳир таржимон сифатида А.Пушкиннинг “Боқчасарой фонтани”, М.Лермонтовнинг “Иблис” достонларини ва бошқа қатор рус ижодкорларининг шеърларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилган.
Тадбирда Усмон Носир ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Талабалар томонидан шоир шеърларидан намуналар ўқилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА