“Ерга уруғ қадаб, кам бўлмадим”
Меҳнатдан қочмаган, астойдил ният қилган, қиш қаҳридан, саратон чилласидан қўрқмай, ерга меҳрини берган кишига барака ва ризқни яратганнинг ўзи беради. Буни сайхунободлик Ҳаётали бобо Аҳмедов ҳам яхши билади.
Аҳмедовлар асли Фарғонадан. Чўлни, яъни Мирзачўлни ўзлаштириш ишлари бошланган йилларда кўчиб келишган.
–Шу ерда туғилдим, ундим- ўсдим, палак отдим,–дейди салкам саксон ёшни қарши олаётган бобо.– Бобом, отам миришкор деҳқон бўлган. Деҳқончилик илмини улардан ўргангандим. Суягим эса шу ерларда қотди. Яратганга шукр, қийинчиликни ҳам, яхши кунларни ҳам кўрдим. Дала кездим, ерга умид билан буғдой, чигит қадаб, кам бўлмадим. Айтишадику, барака ҳалоллик ва меҳнатда деб.
Ҳаётали бобо турмуш ўртоғи Сайдинисо момо билан бирга тўққиз қиз, бир ўғилни вояга етказди. Улар ўз йўларини топиб кетиши, бахтли бўлиши учун кўмаклашди. Натижани қарангки, бугун бобо ва момонинг 45 нафар набираси, 36 нафар чевараси бор.

Давлатимиз раҳбарининг Сайхунобод тумани, унинг Иттифоқ маҳалласига қилган ташрифи барча сайхунободликлар каби Ҳаётали бобо ва Сайдинисо момо ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирди.
– Президент бир девор қўшнимникига ташриф буюрганининг ўзи менга, оила аъзоларим, қуни-қўшниларимга унутилмас қувонч бахш этди,—дейди бобо.–Давлатимиз раҳбарига кўрсатаман, у кишининг маслаҳатини, тавсиясини оламан, деб 15 сотихли ҳовлимизнинг 9 сотихига экилган қизил олманинг "карликовый" нави бир йил бўлмай туриб, қийғос очилиб, бирам мева бердики, ундан нафақат фарзандларим, набира ва чевара, қўни-қўшниларим баҳраманд бўлишди.
Бу йил деҳқон чоғроққина ерга экилган саримсоқ, булғор қалампири, карамдан яхши ҳосил олди. Унинг маълум бир қисмини ўзи ва фарзандлари эҳтиёжи учун ишлатган бўлса, қолган қисмини бозорга чиқариб, дурустгина даромад ҳам олди.
Бундай натижага эришишда сув тежовчи технология, яъни томчилатиб суғориш тизимининг ёрдами катта бўлди.
–Ўйлаб кўрсам, анъанавий усулдан кўра, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизими фойдали экан,– дейди Ҳаётали бобо биз билан бўлган суҳбатда. – Биринчидан, сувнинг ортиқча исрофгарчилиги олдини олади, иккинчидан, минерал ва қўшимча кимёвий озуқаларни белгиланган меъёрда томчилатиб суғориш тизими орқали дарахт ва ўсимликларга етказиб беради. Бу эса, кичик бўлса-да, томорқадан кутилганидан-да кўпроқ ҳосил олиш имконини бераркан.
Ҳаётали бобо хонадонида биолаборатория хизмати ҳам йўлга қўйилган. Бу фаолиятни йўлга қўйишда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қўл келди.Эндиликда ушбу биолабораторияда қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш мақсадида етиштирилаётган олтинкўз, трихограмма, бракон сингари фойдали ҳашаротлар шартнома асосида тумандаги фермер хўжаликларга етказиб бериляпти.
Давлатимиз раҳбарининг Сайхунобод туманига қилган ташрифи сайхунободликлар, сирдарёликлар ҳаётининг ўзгаришига, Ҳаётали бобо каби ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, ўз хонадонлари учун зарур бўлган экин турларини экиб, ундан юқори ҳосил олаётганларга рағбат бераяпти. Шу боисдан ҳам ушбу туман тажрибаси оммалашаяпти. Узоқ- яқин вилоятлардан ташриф буюрувчилар нафақат туманда, бобо хонадонида ҳам бўлишиб, дилдан суҳбатлашиб, тажриба алмашиб, Ҳаётали бобо, у сингари тумандаги миришкор деҳқонлар ишига қойил қолиб кетишяпти.
Ғулом Примов, ЎзА