Ер – қонун билан ҳимояланадиган давлат мулки, миллатимиз бойлиги, тўкин, фаровон ҳаётимиз манбаи. Уни ғайриқонуний эгаллаб олган шахслар учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Афсуски, соҳа мутахассислари бу ҳақда кенг қамровли тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бораётган бўлса-да, ер билан боғлиқ содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга ҳамон дуч келинаётгани сир эмас.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ерга оид қонунбузилишларни назорат қилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун барча шароит яратилаётир. Эндиликда шаҳар ёки олис қишлоқда, тоғли ҳудуд ё кенг адирликда ердан қандай фойдаланилаётгани, турли мақсадларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинаётгани ўзи учар дронлар ёрдамида аниқланмоқда.
Кадастр агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари йилнинг ўтган даврида олиб борган назорат тадбирлари чоғида ҳудудларда мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликка дуч келди. Бу қонунбузилишларнинг асосий қисми жисмоний шахслар томонидан содир этилган бўлиб, 771 ҳолатда ҳуқуқбузарларга 4 миллиард 670 миллион сўм жарима чораси қўлланилди.
Ер тўғрисидаги қонунчилигимизда ердан илмий асосланган ҳолда оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ошириш, табиий муҳитни асраш ва яхшилаш, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ундан ҳозирги ва келажак авлодлар самарали фойдаланишини таъминлаш каби мақсадлар белгиланиб, ер билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган.
– Мамлакатимизда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиби жорий этилган бўлса-да, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани билан муроса қилиб бўлмайди, – дейди Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Беҳрузбек Сафаров. – Мутахассисларимиз яқин кунларда Денов, Олтинсой, Қумқўрғон, Бандихон, Шеробод, Жарқўрғон туманларида дронлар ёрдамида ер назорати тадбирларини амалга оширганида 20 дан ортиқ ҳуқуқбузарликни аниқлади.
Масалан, фуқаро Хадича Бекназарова Шеробод тумани Кўҳитанг массивидаги Ғоз қишлоғи ҳудудидан "KO'HITANG YAYLOVI" ишлаб чиқариш корхонасига ижарага берилган қишлоқ хўжалиги харитасининг 1670 қ-дала контуридан 0,005 гектар лалми ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, 50 квадрат метр ҳажмда молхона биноси қургани аниқланди.
Шу туманда яшовчи Ойбек Фозилов Кўҳитанг массивининг Учёғоч маҳалласи ҳудудидан туман ҳокимлиги захирасида бўлган қишлоқ хўжалиги харитасининг 988қ-дала контуридан 68 квадрат метр қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, цемент қадоқлайдиган омборхона барпо этгани маълум бўлди. Нишон Жумаев эса Кўҳитанг массивидаги Қорабоғ маҳалласи ҳудудидан туман ҳокимлиги захирасида бўлган қишлоқ хўжалиги харитасининг 1054қ-дала контуридан 0,0086 гектар яйлов ерни ноқонуний эгаллаган ҳолда 84 квадрат-метр майдонга тураржой қуриш учун пойдевор ташлаб, пахса девор қуришни бошлаганида назоратчилар эътиборига тушиб қолди.
Туманнинг чекка ҳудудида ерга муносабатда ўзбошимчалик билан иш тутган барча ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 60-моддаси 3-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90, 91, 911-моддалари талаблари тушунтирилди. Ерга оид қонунбузилиш оқибатларини 15 кун муддатда ихтиёрий бартараф этиш тўғрисида ёзма кўрсатма берилди.
Кадастр агентлиги Бандихон туман бўлими назоратчилари ўтказган мониторингда Фаровон маҳалласида яшовчи Камолиддин Муратов, Эркин Ибрагимовларнинг ерга оид қонунчилик талабларини бузганига дуч келди. К.Муратов туман ҳокимлиги захирасидаги аҳоли пунктига қарашли 166в-контурдан 0,01 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, 10х5 квадрат метр ҳажмда, Э. Ибрагимов шу контурдаги 0,01 гектар ер майдонини қонунга зид равишда эгаллаб олиб, 8х6 квадрат метр ҳажмда молхона биноси қургани ва фойдаланиб келаётгани аниқланди.
Қумқўрғон туманидаги Юксалиш маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар маҳалла ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида турган ер майдонида ўзбошимчалик билан бетон ғиштдан пойдевор қургани ва яшаш уйи қуриш учун тош- қум тўкишгани ҳам дрон ёрдамида илғаб қолинди. Бу ҳолат бўйича Кадастр агентлиги Қумқўрғон туман бўлими назоратчилари МЖтКнинг 60-моддасининг тегишли қисми билан маъмурий баённома расмийлаштириб, ҳуқуқбузарларга огоҳлантириш хати берди.
– Бундай мисолларни яна келтириш мумкин, – дейди Беҳрузбек Сафаров. – Вилоят ҳудудида ер назорати тадбирлари дронлар ёрдамида амалга оширилаётгани ҳуқуқбузарликларнинг тезкор олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Қонунбузилиш ҳолатларига бир йўла космик суратларни таққослаш орқали ойдинлик киритилиб, ер муносабатлари тартибга солинмоқда.
Миллий қонунчилигимизга кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилиши таъминланиб, унинг оқибатлари белгиланган муддатда бартараф этилса, ҳуқуқбузар жавобгарликдан озод этилади. Бу талаб бажарилмаса, умуммиллий бойликка келтирилган зарарнинг жавобгарлиги қаттиқ бўлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири