Ерга эгалик ҳуқуқи соддалаштирилмоқда
Ер - халқ бойлиги, уни асраб-авайлаш, ундан унумли фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Бозорларимизнинг тўкин-сочинлиги, турмушимиз фаровонлиги ҳам ерга бўлган меҳримиз, меҳнатимизга боғлиқ.
Аҳоли сони йилдан йилга кўпайиб боргани сайин озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Янги қишлоқ ва маҳаллалар бунёд бўлмоқдаки, булар ҳам ер майдонлари ажратилишини тақозо этади.
Тадбиркорликни ривожлантириш, кичик саноат зоналарини ташкил этиш учун ер майдонлари муҳим аҳамиятга эга. Албатта, ҳозирга қадар ер майдонларини тасарруф этиш, уларни турли мақсадлар учун ажратиш, захирага олиш вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларининг ихтиёрида эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ер майдонларини ажратиш, уларни тасарруф этишда ошкоралик, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Ушбу фармонга асосан, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб ҳокимликларнинг ер майдонларини ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ваколатлари бекор қилинади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланди.
Биз, депутатлар, сенаторлар жойларда мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг кўламда тарғиб қилмоқдамиз. Аҳоли билан ўтказилаётган учрашувларда ернинг бебаҳо бойлик, битмас-туганмас хазина манбаи эканлиги, ундан оқилона ва самарали фойдаланиш орқали нафақат иқтисодиётни ривожлантириш, балки хотин-қизлар, ёшларни иш билан таъминлаш, оилалар даромадини ошириш зарурлиги тушунтирилмоқда.
Носирбек Абдуллаханов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
ЎзЛиДеП фаоли