Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ва самарали фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари ҳамда фуқаролар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилди.
Юқоридаги тарғибот ишларида асосан, ерларни асраб авайлаш, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган, энг аввало, суғориладиган ерларнинг алоҳида муҳофаза этилишини ҳамда улардан белгиланган мақсадда, самарали ва оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш, шунингдек, уй-жой ва тегишли кўчмас мулкларни кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ўз муддатида давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан фуқаролар ва мутасадди идоралар вакилларига тегишли тушунчалар берилди.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги "Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ўтказилган мониторинг ўрганишлар натижасида ҳозирга қадар вилоят бўйича 679 та ҳолатда 52,96 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди.
Ердан фойдаланиш бўйича қонун бузилиш ҳолатлари таҳлил этилганда 353 та ҳолатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 43,49 гектар, 231 та ҳолатда аҳоли пунктларидаги 5,84 гектар, 16 та ҳолатда саноат, транспорт, алоқа мудофаа ва бошқа мақсадларда фойдаланиладиган 0,43 гектар ҳамда 65 та ҳолатда захирадаги 2,34 гектар ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш, қонунбузарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилди. Жумладан, уларнинг ўзларига, ваколатли идораларга огоҳлантириш хатлари юборилиб, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Натижада 447 та ҳолат қонун бузувчиларнинг ўзлари томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди. Ноқонуний равишда қурилган иншоотларни буздириш бўйича судларга 168 та даъво аризаси киритилган бўлса, 128 та ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, уларга ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура идораларига тақдим этилди.
Шунингдек, маъмурий амалиёт, яъни фуқароларнинг ўзларига тегишли ер майдонларини ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш сингари йўналишлар бўйича жорий йилнинг ўтган даврида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 3 минг 178 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузарларнинг 2 минг 275 нафарига 5 миллиард 664 миллион 510 минг сўм миқдорида жарималар қўлланилди. Қўлланилган жарималарнинг 2 миллиард 612 миллион 455 минг сўми ёки 63,8 фоизи ундирилди.
Бундан ташқари, 398 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан қўлланилган 978 миллион 217 минг сўм миқдоридаги муддати ўтган жарималарни мажбурий тартибда ундириш бўйича МИБ ҳудудий бўлимларига тақдимномалар юборилди. Натижада бугунги кунга қадар қарздорликнинг 27,7 фоизи ундирилди.
Умуман, вилоятда кадастр соҳасида белгиланган ишларни тизимли ташкил этиш, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, қонун бузилиш ҳолатларига барҳам бериш, муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Фаёзиддин Бердиқулов,
Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи
ЎзА