Ернинг ҳаққига хиёнат қилаётган кимсалар, ер ҳуқуқи билан боғлиқ турли ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси томонидан ер ҳуқуқи билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
– Бошқарма ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан ўтган 2023 йилда 229,3 гектар ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш билан боғлиқ 1636 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Фозилов. – Мазкур камчиликларни бартараф этиш ва ер майдонини давлат захирасига қайтариш мақсадида 659 та ҳолатда 125,6 гектар ер майдони фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Ҳозирда 465 та ҳолатдаги 102,9 гектар ер майдони юзасидан суд жараёнлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қиладиган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларни талон тарож қилиш ва дала муомаласидан чиқариш каби жиноят аломатлари бўлган 105 та ҳолатда жами 40,7 гектар ер майдонида аниқланган қонун бузилишларнинг иш ҳужжатлари ўрнатилган тартибда прокуратура органларига юборилди. Кадастр агентлигининг шаҳар, туман бўлимлари ер ва кадастр инспекторлари томонидан берилган ёзма кўрсатма, профилактик тушунтириш ва тарғибот ишларидан тўғри хулоса чиқарган 977 та жисмоний ва юридик шахс ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 103,9 гектар майдондаги қонун бузилиш ҳолати ҳуқуқбузарлар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА