Бугунги кунда юртимизда ердан самарали фойдаланиш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ҳамда бартараф қилиш борасида кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ер ва кадастр назоратчилари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 84 та ҳолатда 4,2 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаши ёки ноқонуний қурилиш қилиш ҳолатлари аниқланган.
– Мазкур қонунбузилишларнинг 35 та ҳолатида ўзбошимчалик билан эгалланган 1,5 гектар ер майдонида аниқланган ноқонуний қурилиш инспекторларимиз томонидан бартараф қилиниб, ер майдони ўз ҳолатига қайтарилиши таъминланди, – дейди бошқарма бошлиғи Дониёр Нишонов. – Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича судларга 5 та даъво аризаси киритилди. 2023 йил давомида давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузган 175 нафар мансабдор ва жисмоний шахсга нисбатан 964 миллион 240 минг сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2-қисми билан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш ҳолатлари бўйича 68 та, 60-модда 3-қисми билан эса ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга оширганлиги учун 11 та ҳолатда маъмурий иш қўзғатилган.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири