Ер умуммиллий бойлик ҳисобланиб, давлат томонидан муҳофаза қилинади. Ундан фақатгина оқилона фойдаланиш зарур.
Кейинги йилларда ушбу ресурсдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йилнинг 8 июнь куни “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу ҳужжат ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Фармоннинг 10-бандида ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкалари, бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назорати Кадастр агентлигига юклатилган.
Навоий вилоятида 2021 йил 1 июль ҳолатига кўчмас мулк объектлари сони 268 099 тани ташкил қилиб, 2021 йил 1 январга нисбатан 7 561 тага ошган.
Жорий йилнинг 6 ой мобайнида 388 нафар жисмоний шахсга нисбатан ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказмаганлиги учун қарийб 86 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилган.
– Ходимларимиз томонидан ер майдонларидан фойдаланиш юзасидан доимий мониторинг ва назорат ишлари олиб борилиб, аниқланган қонунбузилишларнинг олдини олиш ва чора кўриш учун ҳудудий ҳокимликка, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот ва тақдимномалар киритиб борилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элбек Эшпўлатов. – 2021 йил 1 июль ҳолатига Кадастр агентлигининг туман бўлимлари томонидан 198 та ҳолатда ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгалланганлик ҳолатлари аниқланган ва 94 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган. Жумладан, 76 та ҳолатда уй-жой, 94 та ҳолатда нотурар бино иншоотлар қуриб олинган, 1 та ҳолатда томорқа, 1 та ҳолатда балиқ ҳовузи сифатида ва 26 та ҳолатда бошқа мақсадларда фойдаланиб келинган.
Маълумотларга кўра, қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахсларга жами 130 та огоҳлантириш хати, туман ҳокимларига 40 та тақдимнома, 24 та ҳолат бўйича прокуратура органларига маълумот, 24 та ҳолат юзасидан судга даъво аризалари киритилган.
Кейинги вақтларда ер участкаларини ноқонуний ажратиб бериш, ер эгаларининг ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ва ер ажратишда коррупциявий ҳолатларга йўл қўйиш каби салбий ҳолатлар қайд этилди.
Биргина фуқаролик ишлари бўйича судларда ер билан боғлиқ даъволар 2020 йилда 155 тани ташкил қилиб, шундан 145 та даъво ариза қаноатлантирилган, 2 та даъво ариза иш юритувдан тугатилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган.
Жорий йилнинг ўтган 5 ойида бундай даъволар сони 16 тани ташкил қилиб, шундан 12 та даъво ариза қаноатлантирилган, 2 та даъво ариза иш юритувдан тугатилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган.
Кўрилган ишлар таҳлил этилганда, фуқаролар томонидан ерларни қонунсиз эгаллаб олиш, ер участкаларида ўзбошимчалик билан ноқонуний қурилмалар қуриш, қонуний тартибда ажратилган ер участкаларида қонунчиликда белгиланган муддатларда қурилиш ишларини бошламаслик ва бошқа даъволарни ташкил қилади.
Эндиликда ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бу соҳада қонунийликни таъминлаш мақсадида ер фақатгина аукцион орқали сотилади.
– Вилоят бўйича 2021 йил январь-июнь ойларида 1 749 та 201,9 гектар бўш ер участкалари аниқланган. Шундан 896 таси (104,7 гектар майдон) маъқулланиб, e-kadastr.uz очиқ электрон харитасига жойлаштирилган, – дейди Элбек Эшпўлатов. – Аукционга чиқариш учун 858 та ер участкаси ваколатли органлар билан келишиш учун “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. Шунингдек, бошқармамиз томонидан жорий йилнинг 1 майидан янги интеграциялашган ахборот тизимида қишлоқ хўжалиги ерларини электрон шаклда давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари бошлаб юборилган. Жумладан, вилоятдаги 2 035 та фермер хўжалигининг барчаси электрон харитада аниқ жойи, чизмаси ва чегараси ахборот тизимига киритилди, 1 729 та ёки 84,9 фоиз фермер хўжаликлари ерлари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Албатта, олиб борилаётган ишларнинг барчаси тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Фармонга кўра, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назоратни кучайтиришга оид бир қатор янги тартиблар белгиланди. Жумладан, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилмоқда, бунда хусусий сектор учун – мулк ва ижара ҳуқуқини, давлат ташкилотлари учун – доимий фойдаланиш ҳуқуқини қолдириш назарда тутилган ҳолда ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилмоқда.
Эндиликда тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилади ва ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинди.
Абдували Бўриев, ЎзА