Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
– Ўтган 2023 йилда ер кадастр соҳасига оид Президентимиз ва ҳукуматимизнинг амалдаги фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича доимий назорат олиб борилди, – дейди Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Бу борада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, қолаверса, ана шундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли амалий ва тарғибот ишлари ўтказилди.
Бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан белгиланган йўналишларда ўтказилган мониторинг ўрганишлар натижасида вилоятда жами 2 минг 653 та ҳолатда 167,1 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
Аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва уларга нисбатан чоралар кўриш мақсадида қонунбузилиш ҳолатини содир этган шахслар билан бевосита ишлар олиб борилди. Ўтказилган тушунтириш-тарғибот тадбирлари натижасида 2 минг 116 та ҳолатда 103,9 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий равишда бартараф этилди.
Қонунбузилиш бартараф этилмаган 431 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилди ҳамда 130 та ҳолат бўйича ер қонунбузилишини мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан Мажбурий ижро бўлимларига тегишли ҳужжатлар юборилди.
Бундан ташқари, ер билан боғлиқ 109 та қонунбузилиш ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун йиғилган материаллар прокуратура органларига тақдим этилди.
[gallery-15550]
Шунингдек, ўрганишлар давомида 257 та ҳолатда 525,2 гектар ер майдони белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилаётганлиги аниқланди. Мақсадсиз фойдаланилаётган ерларни ҳокимликлар захирасига қайтариш бўйича туман ва шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар киритилди. Натижада ана шу ерларнинг барчаси ҳокимликлар захирасига қайтарилди.
Ўтган йили вилоятда давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун 4 минг 939 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Уларнинг 2 минг 668 нафари маъмурий жаримага тортилди.
Якунланган йилда халқ қабулхоналари, прокуратура органлари орқали ҳамда ўтказилган қабул ва сайёр қабуллар давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 487 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 354 таси ёки 73 фоизи ижобий ҳал этилди.
Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ва самарали фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ва тизимдаги соҳа мутахассислари иштирокида 40 дан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилди. Ана шу тарғибот тадбирлари, суҳбат ва мулоқотларда ерларни асраб-авайлаш, айниқса, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан белгиланган мақсадда самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, уй-жой ва кўчмас мулкларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ўз муддатида давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан фуқаролар ва мутасадди идоралар вакилларига тегишли тушунчалар берилди.
Умуман, вилоятда кадастр соҳасида белгиланган ишларни тизимли ташкил этиш, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш, энг асосийси, мазкур йўналишда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари