Ердан фойдаланиш: назорат ва амалиёт
Андижонда кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан 2021 йилнинг биринчи чорагида ердан фойдаланиш ва унинг муҳофазасини назорат қилиш масалаларига бағишланган пресс-тур ўтказилди.
Кадастр тизими мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этган тадбир кадастр бошқармасидаги мавжуд лоборатория, ишда фойдаланиладиган жиҳоз ва техник воситалар, уларни амалиётда қўллаш жараёнлари билан танишдан бошланди.
Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги «Ер ҳисоби ва давлат кадастрлар юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кадастр агентлиги зиммасига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия картография соҳасида ягона давлат сиёсатини, давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, кадастрларни юритиш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар юклатилган.
Тадбирда юқорида қайд этилган фармон ижроси, умуман, аҳоли ва тадбиркорлар учун бўш ер участкаларини аукцион тартибида реализация қилиш, ер муносабатлари, ер ҳисобини юритиш ва ҳужжатларни рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича мунтазам равишда назорат тадбирлари олиб борилди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ф.Бердиқулов.
– Ана шу тадбирлар давомида жами 146 та ҳолатда 46,9 гектар ер майдони ноқонуний фойдаланаётганлиги аниқланиб, мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди, тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Аниқланган ҳолатларнинг 10 фоизи бартараф этилди, ер участкалари маҳаллий давлат ҳокимиятига қайтарилди, 14 та ҳолат бўйича суд органларига тегишли тартибда даъво аризалар киритилди.
Ер участкаларига бўлган хуқуқларни давлат рўйхатидан белгиланган тартибда ўтказмаган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс»га асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Мазкур ҳолатлар бўйича вилоят бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари томонидан жами 569 та ҳолатда 140 миллион 464 минг сўм жарима қўлланилди, 361 та ҳолат бўйича 57 миллион 990 минг сўм миқдоридаги жарима ундирилди, қолган ҳолатлар бўйича жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.

Кўчмас мулк объектларига кадастр паспортларини расмийлаштириш борасида 9 миллиард 56 миллион сўмлик ишлар бажарилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида 6 минг 137 та уй-жойга, 1 минг 273 та нотурар биноларга ҳамда 787 та квартирага кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Шунингдек, вилоятдаги 328 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган 228 минг 372 та кўчмас мулклар қайта хатловдан ўтказилди. Ўтказилган хатлов якунларига кўра 1 минг 754 гектар ер майдонида жойлашган қўшимча 11 минг 23 та янги кўчмас мулклар аниқланди. Ана шу кўчмас мулкларни идоралараро интеграциялашган «Кўчмас мулк-3» дастурига киритиш, маҳаллий бюджетга қўшимча солиқлар ундириш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, тадбиркорлар ҳамда инвесторларга қулай ва шаффоф шарт-шароитлар яратиш мақсадида "YERELEKTON" автоматлаштирилган ахборот тизимига ўтган давр мобайнида 94 гектар ер майдонида жойлашган 3 минг 644 та бўш ер участкалари киритилди. Ижобий хулоса берилган 1 минг 220 та ер участкалари “E-IJRO AUKSION” электрон онлайн савдо майдончасига сотувга чиқарилди. 30 гектар ер майдонида жойлашган 1 мингта ер участкалари тадбиркорлик субъектларига сотилди.
Тадбир якунида ўтказилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларига мутасадди раҳбар ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА