Ер ёмон деганни ўзи ёмон...
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигида Ховос туманида қишлоқ хўжалиги, ғалла ҳосили учун олиб борилаётган ишлар, агротехник тадбирларнинг бажарилиш ҳолати таҳлил қилинди.
Вилоят ишчи гуруҳи томонидан туманнинг аграр секторида кечиктириб бўлмас агротехник тадбирларни муддатида, сифатли амалга ошириш борасида камчиликлар мавжудлиги аниқланган.
Маълум қилинишича, туманда 2023 йил ҳосили учун 8 500 гектар майдонга ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, амалда эса 7 948 гектар (93.5 фоиз) ғалла экилган. Бугунги кунда 1 076 гектар майдонда (15.6 фоиз) кўчат униб чиқмаган. Бор-йўғи 16 фоиз майдонга чилла суви берилган. Экинни баҳорги шарбат усулида суғориш учун маҳаллий ўғит жамғариш ишлари ҳам орқада, 1 396 гектар майдондаги ғалла ғўзапоядан тозаланмаган.

Шунингдек, шудгорлаш ишлари 45 фоизга бажарилган. Бугунги кунгача 308 гектар майдонга жўяклар олиниб, шундан 138 гектарига сув очилган, холос. 5 503 гектар майдонда шудгордан кейинги тадбирлар ўтказилмаган.
Шу билан бирга, ўғит жамғариш, биомаҳсулотларни кўпайтириш, биолабораторияларда озуқа ва иситиш маҳсулотлари захирасини яратиш, техникаларни мавсумга тайёрлаш каби муҳим тадбирларга ҳам масъулиятсизлик билан ёндашилган.
– Қишлоқ хўжалиги соҳаси иқтисодиётда муҳим, – дейди вилоят раҳбари. – Ерга меҳр бериш керак, ер билан "тиллашиш" керак. Ерни ёмон деб бўлмайди. Ерим ёмон деганни ўзи ёмон. Қанчалик оғир ва қийин бўлмасин қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш учун самарали лойиҳалар зарур.

Йиғилиш якунида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, барча куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда ишлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА