Ер – умуммиллий бойлик, энг муҳим табиий ресурслардан бири. Шунинг учун ҳам бу неъматдан самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг туман Ер ва кадастр назорати бўлимлари инспекторлари томонидан пойтахт туманларида ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва ушбу ер майдонларида ноқонуний қурилмалар қурилишини аниқлаш юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
– Жорий йил бошидан буён октябрь ойи охирига қадар пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани бўйича аҳоли яшаш манзилларида жами 281 та ҳолатда (3.27 гектар) ер қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган, – дейди Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг Шайхонтоҳур тумани бўлими бошлиғи Сардор Тошхўжаев. – Бу бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонун бузилишига йўл қўйган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар бирига огоҳлантириш хати берилди. Жумладан, 182 та ҳолат бўйича маъмурий чоралар кўрилди, 55 нафар шахс ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этганлиги сабабли жавобгарликдан озод қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодексининг 60-модда 2-қисмига асосан, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Мазкур ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.
Жорий йилнинг 10 ойи давомида туман ҳудудида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 138 та ҳолатда (1.07 гектар) ер майдонлари фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши аниқланган. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 59 та ҳолатда 0.36 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилиб, асл ҳолатига қайтарилиши таъминланган. Қолган 79 ҳолат юзасидан суд тартибида кўриб чиқиш учун суд органларига даъво аризалари киритилган. Ер билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини юксалтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини мунтазам ташкил этиш жуда муҳим. Шу боис, ҳудудларда олиб борилаётган назорат тадбирларида аҳолимизга ердан фойдаланишда йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларининг ҳуқуқий оқибатлари ҳам тушунтириб борилмоқда.
Агар фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқлари билан бирга, бурч ва мажбуриятларини ҳам яхши англаса, ер қонун бузилиши ҳолатларининг сезиларли равишда камайишига эришилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА