Ер участкаларини хусусийлаштириш уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олиш орқали амалга оширилади.
Бунда фуқаролар жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали ариза беришлари лозим бўлади. Бироқ охирги пайтларда аҳолининг шу масалаларда етарлича билим ва тажрибага эга эмаслиги ҳолатлари ҳам учраяпти. Таҳлилларга кўра, ҳозиргача Давлат кадастр палатасининг Тошкент вилояти бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан ерларни хусусийлаштириш бўйича жами 2 минг 746 та ариза келиб тушган. Шундан 855 та аризага ижобий хулоса берилган ва мазкур ер участкалари хусусийлаштирилган. Шу билан бирга 1876 та ариза рад этилган, 15 та ариза эса ҳозирда жараёнда қолмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, аризаларнинг рад этилиш сабаблари асосан ерга бўлган ҳуқуқни мавжуд эмаслиги, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни хусусийлаштириш масаласи, давлат ордери асосида (коттедж типидаги) уйлар (квартиралар) эгалари ва муҳофаза зоналарида жойлашган объектлар бўлмоқда.
А.МУСАЕВ,ЎзА.