Ер сотган мансабдор шахслар қамалди
Президентимизнинг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ўтган йилда 44 та текшириш ўтказилди ва 439 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.
Хусусан, 235 та ғайриқонуний ҳужжатлар прокурор протестлари асосида бекор қилинди. Қонун бузилишларига йўл қўйган 111 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Ер тўғрисида ва бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан судларга 23 та даъво аризалари киритилиб, қўпол қонун бузилишлар юзасидан 21 та жиноят ишлари қўзғатилди.
Мисол учун, Ховос тумани ҳокими қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б.Б. ва бошқа мансабдор шахслар 5 та ҳолатда 24,5 гектар суғориладиган ер майдонларини талон-тарож қилиш ва бунга йўл қўйиб бериш билан боғлиқ жиноий ҳаракатларни содир этиб, давлат ва жамоат манфаатларига 9 миллиард 921,7 миллион сўмлик миқдорда зарар етказган.
Сайхунобод тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари туман ҳокими қарорини сохталаштириб, 3 гектар ерни моддий манфаат эвазига ўзларига таниш фуқароларга ер участкаси сифатида бўлиб бериб, давлат манфаатларига қарийб 900 миллион сўм зарар етказган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси Сайхунобод тумани ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатган.
Тергов натижасига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан ЖИБ Ховос тумани судига юборилган. Ҳар икки ҳолат бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди ва Ховос туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б.Б.ва Сайхунобод туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи М.Кга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ш.Суяров,ЎзА