Ер қонунчилигидаги зиддиятли ҳолатлар, тафовутлар бартараф этилди
Фуқаролар ва тадбиркорларнинг табиий ресурслардан, хусусан, ер участкаларидан фойдаланиш жараёнида вужудга келаётган муаммоларнинг ҳуқуқий ечими яратилмоқда. Яъни, шу мақсадда ер ва фуқаролик қонунчилиги такомиллаштирилди.
2023 йил 1 октябрдан кучга кирган “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун шу мақсадга хизмат қилади.

Тошкент давлат юридик университети экология ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор Гўзал УЗОҚОВА янги қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Мазкур қонун билан шу вақтга қадар қонунчиликда зиддиятли, тафовутли бўлиб келаётган баъзи ҳолатлар бартараф этилди. Уларнинг айримлари ҳақида мулоҳаза юритадиган бўлсак, Ер кодекси 18-моддаси 3-қисмида чет эл фуқаролари якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасидан хусусий мулк ҳуқуқи асосида фойдаланиши мумкинлиги белгиланган бўлиб, янги қонун ҳужжати билан ушбу норма чиқариб ташланди.
Қайд этиш жоизки, Ер кодекси қабул қилинган 1998 йилдан бери чет эл фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратишнинг ҳуқуқий асоси мавжуд эмас эди. Қолаверса, мазкур ҳолат 2022 йилда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги қонуннинг 13-моддаси талабларига зид эди. Унда чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек, давлат органлари, муассасалари ва корхоналари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.
Мамлакатимиз аҳолиси тез суръатларда ўсиб бораётгани ва давлат, энг аввало, ўз фуқаролари ҳақида ғамхўрлик қилиши зарурлиги, аҳолининг уй-жой қуриш ва меҳнат фаолиятини ташкил этиши учун ер участкаларига бўлган талаб тобора ошиб бораётганини инобатга олсак, Ер кодексидан ушбу норманинг чиқариб ташлангани мақсадга мувофиқ.
Ер кодексининг 23-моддасида ер участкалари тадбиркорлик учун бино-иншоот қуриш билан бир қаторда қонунда белгиланмаган бошқа мақсадларда ҳам хусусийлаштирилиши мумкинлиги белгиланди. Мазкур норма савдо ва хизмат кўрсатишдан ташқари ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун ҳам ер участкаларини хусусийлаштириш мумкинлигини англатади.
Аслида ушбу қоида амалдаги ер қонунчилигининг ноқишлоқ хўжалик ерларидан тадбиркорлик мақсадларида фойдаланишга оид қоидалари мазмунига мос келади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, ушбу янгилик тадбиркорлик мақсадларида ер участкаларини ажратишга оид ер қонунчилиги нормаларини амалиётда қўллашда чалкашликларнинг олдини олади.
Қонунчиликдаги асосий янгиликларнинг иккинчи йўналиши сифатида, унда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ижарага, шу жумладан, иккиламчи ижарага бериш тартиби ва шартлари аниқ белгиланганини эътироф этиш жоиз.
Ер кодексининг 23-моддасида хусусий ер участкаси ижарага берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. 24-моддада эса онлайн -аукцион орқали ижарага олинган ноқишлоқ хўжалик ерлари ҳам (ижарага олинган муддатдан кўп бўлмаган муддатга) бошқа шахсга иккиламчи ижарага берилиши мумкинлиги белгиланди.
Таъкидлаш керакки, қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири – унда Ер кодексининг 21-1-моддаси билан давлат идорасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкасини шу органнинг ўзи иккиламчи фойдаланиш учун бошқа субъектга ижарага бериши мумкинлигининг белгиланганидир.
Қонун билан қишлоқ хўжалик ерларини уларнинг таркибига кўра (лалми ерлар, яйловлар, бўз ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар эгаллаган ерлар) турли шартлар асосида аниқ муддатларга бериш амалиёти жорий этилди.
Эндиликда ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳам такомиллашди. Янги қонун ҳужжати билан Ер кодексининг 21-4-моддаси кенгайтирилганини кўриш мумкин.
Қонунчиликдаги янгиликларнинг учинчи йўналиши сифатида, мазкур қонун ҳужжати билан ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи – сервитутни қўллаш имкониятлари кенгайганлигидир.
Уни қўллаш муддатлари, шартлари, ҳақ тўлаш асослари ва амал қилиш тартибига оид аниқ нормалар белгиланди, оммавий сервитут тушунчаси қонунчиликка киритилиб, уни белгилаш ва бекор бўлиш асослари Ер кодекси ва Фуқаролик кодексига киритилди.
Ер кодексининг 25-моддасида геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа қидирув ишларини амалга ошириш оммавий сервитут асосида амалга оширилиши, оммавий сервитут Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимлари томонидан белгиланиши (Ер кодексининг 5-моддаси) кўрсатилган.
Оммавий сервитут тушунчасига Ер кодексининг 30-моддасида таъриф берилган бўлиб, унга кўра оммавий сервитут жамоат эҳтиёжлари учун белгиланади. Бундай жамоат эҳтиёжларининг аниқ рўйхати ҳам кодексда келтирилган.
Қонунчиликдаги янгиликларнинг тўртинчи йўналиши сифатида, ер участкаси эгаси, фойдаланувчиси, ижарачи ва мулкдорининг ҳуқуқлари кафолатлари кенгайгани, баъзи ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилганини эътироф этиш жоиз.
Эндиликда Ер кодексининг 62-моддасида табиий офат ёки бошқа сабаблар билан иморат бузилганда аҳоли пунктини режалаштириш лойиҳасида бузилган иморат жойлашган ер участкаси учун бошқа лойиҳа режалаштирилган бўлса, ер участкаси эгасига жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилганда бериладиган тартибда компенсация тўланиши мустаҳкамланди.
Таъкидлаш жоизки, янги қонун ҳужжати билан ер қонунчилигидаги баъзи ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилди. Жумладан, Ер кодексининг 28-моддаси билан хусусий ер участкаси учун мулкдор томонидан ер солиғи тўланиши, бундай ер участкаси ижарага берилганда эса ижарачи ер участкаси мулкдорига ижара ҳақини тўлаши ҳақидаги норма билан тўлдирилиши ер қонунчилиги амалиёти учун муҳим манба бўлди. Чунки шу вақтга қадар мазкур масала ҳуқуқий бўшлиқ бўлиб келаётган эди.
Ер кодексининг 36-моддаси такомиллаштирилди. Унда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини бекор бўлиш асослари келтирилди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ер фонди ва унинг алоҳида тоифа участкаларидан тўғри ва оқилона, илмий асосланган тарзда фойдаланиш аҳоли фаровонлигининг ўсишига хизмат қилади.
ЎзА мухбири Норгул АБДУРАИМОВА ёзиб олди.