Юртимиздаги фойдали қазилмаларнинг асосий конлари Марказий Қизилқум минтақасида жойлашган. Бугунги кунда уларни ўзлаштириш, энг янги техника ва технологияларга асосланган замонавий корхоналарни фойдаланишга топшириш ҳамда мамлакатимиз иқтисодий ривожида Навоий кон металлургия комбинатининг алоҳида ўрни бор.
Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхонасида айни пайтда 60 мингга яқин ходим меҳнат қилади. Бу ерда олтин, уран, нодир металлар, қурилиш ва дастгоҳсозлик саноати учун зарур маҳсулотлар, кенг турдаги халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилади. Комбинат юртимиздаги жами саноат маҳсулотининг 10 фоизини ва бюджет даромадининг 18 фоизини таъминлайди. Маълумотларга кўра, комбинат олтин ишлаб чиқаришда дунёда 10-ўринда туради.
Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Жумладан, НКМКни 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд қарийб 30 га яқин йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу 30 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради. 3 миллиард долларлик лойиҳанинг 2 миллиард 200 миллион доллари НКМКнинг ўз маблағлари ҳисобидан, 800 миллион доллари “Тикланиш ва тараққиёт” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Айни пайтда “Ауминзо-Амантой” кони, шунингдек, “Мурунтов” конини ўзлаштириш, 3-гидрометаллургия заводида ишланиши қийин бўлган рудалардан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш бўйича иш олиб борилмоқда. Кон бошқармалари ва йирик саноат объектлари негизида Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод, Заркент ва Маржонбулоқ шаҳарлари барпо этилди. Ушбу масканлар йил сайин обод бўлиб, ҳар томонлама равнақ топмоқда. Ҳудудда янги корхоналар қурилмоқда, жаҳон андозалари даражасидаги технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватлари кенгаймоқда.
Албатта, бугунги кунда ўзбек олтинининг юқори сифати бутун дунёда эътироф этилгани, мамлакатимиз олтин-валюта захиралари ортиб, иқтисодий салоҳияти юксалиб бораётганида ҳам Навоий кон-металлургия комбинатининг алоҳида ўрни бор.
Комбинатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, тизимдаги корхоналар фаолияти, ишчи-ходимларга яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида ЎзА мухбирлари ижодий сафарда бўлди.
Дастлабки манзил “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси бўлди.
Маҳаллийлаштириш дастури – амалда
[gallery-1298]
"Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича энг йирик машинасозлик корхоналаридан биридир. Бу ерда 3 минг 600 нафардан зиёд ишчи-муҳандис меҳнат қилади. Улар томонидан “НМЗ” ёрлиғи остида металл ва ёғочга ишлов берувчи дастгоҳлар, йирик автомобиллар учун мураккаб деталлар тайёрланади. Ўта юқори аниқликдаги юксак сифатли металл конструкциялар, ускуна ва жиҳозлар ҳамда турли ўлчамдаги эҳтиёт қисмлар ўз ишининг чинакам усталари томонидан ясалмоқда.
Корхонада сўнги йилларда аввал хориждан сотиб олинадиган импортнинг ўрнини босадиган маҳсулотларнинг 60 дан ортиқ турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 2020 йилда инвестиция лойиҳаси доирасида 5-сонли гидрометаллургия заводи учун лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда завод тарихида илк марта МШР 2,1 х 3 метр шарли тегирмони ишлаб чиқарилди.
2020 йилнинг декабр ойида технология жараёнларининг мураккаблиги билан боғлиқ хатарларга қарамасдан, шунингдек, валюта маблағларини иқтисод қилиш ва янги турдаги маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсадида йирик ўлчамли МШЦ 5,5 х 6,5 метр шарли тегирмон якунига етказилди. Тегирмон Марказий кон бошқармаси 2-сонли гидрометаллургия заводида ишга туширилди. Натижада 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ иқтисод қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги "НавоийКМК" давлат корхонасининг 2020-2021 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчибуюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори асосида 2020 йилда маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш дастурига асосан 316 454,6 миллион сўм миқдорида 101 та лойиҳа амалга оширилди.
– 1М63Н, НТ-425 моделидаги токарлик дастгоҳларининг янги турлари, НФ-1200 моделидаги универсал фрезалаш дастгоҳи, шарли тегирмонлар, технологик жиҳатдан ишлаб чиқарилиши мураккаб бўлган Ц-50 қуюлтиргичи, гидроциклон қурилмалари, скрепер лебёдкаси, янги турдаги насослар, импорт редукторларнинг аналоглари, беркитиш арматуралари, кон-шахта ва технологик ускуналар учун эҳтиёт қисмлар, оғир юк ташувчи кон машиналарини капитал-тиклаш таъмирлаш каби маҳсулот ва хизматлар ўзлаштирилди, – дейди бирлашма бош муҳандиси ўринбосари Эркин Рўзиев. – Янги технологиялар ривожланиши, гидрометаллургик заводларнинг ишлаб чиқариш қувватларининг ўсиши, рудани қазиш, ташиш ва қайта ишлаш ҳажмларининг ошиши сабабли 2020 йил мобайнида прогноздан ташқари кўшимча 13 та лойиҳа бўйича импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган.
2017-2026 йилларга мўлжалланган кенг кўламли инвестиция дастурини амалга ошириш ҳисобига НКМК бўлинмаларининг технологик ва кон ускуналари учун эҳтиёт қисмларга бўлган талабининг ортиши муносабати билан маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида «НМЗ» ИЧБнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, Механик йиғиш цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш (I-босқич)» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бирлашмада 2020 йилда маҳаллийлаштириш дастури бўйича умумий қиймати 154336,1 миллион сўм бўлган 91 та лойиҳа бўйича маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда умумий қиймати 400975,3 миллион сўм бўлган 109 та лойиҳа бўйича маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Ҳар қаричи олтинга бой замин
1976 йилда “Чормитан” конидан очиқ усулда маъдан олиш йўлга қўйилган. Натижада “Чормитан” деб номланган қишлоқча шаҳарчага айланди. Геология-қидирув ишларининг жадал суръатларда олиб борилиши бу заминнинг зарга, яъни олтинга бойлиги боис Чормитан “Зармитан” деб ном олди. Олтин қазиб олувчи ишчилар яшайдиган алоҳида қўрғонча қурилиб унга “Заркент” деб ном берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йилдаги қарорига кўра, Зармитан ва Маржонбулоқ олтин конлари Навоий тоғ-металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармаси таркибига киритилди. 2005 йилнинг август ойида Республика Президентининг Зармитан олтин кони ҳудудининг хом ашё базасини ўзлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилиниб, Заркент қўрғони улкан қурилиш майдонига айлантирилди.
Қувонарлиси, бугун ушбу сўлим гўша асло шаҳардан қолишмайди. Бу ерда кўп қаватли турар-жой бинолари, “Аквапарк”, ишчилар ётоқхоналари, “Кончи” маданият-спорт мажмуаси, “Ёшлар” кафеси, ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми биноси ва шунга ўхшаш бошқа иншоотлар Заркент қўрғони кўркига-кўрк бағишламоқда. Ўтган давр мобайнида бу масканни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айни пайтда ҳам янги кўп қаватли турар-жойлар қурилиши давом этмоқда.
Дарвоқе, комбинат ташаббуси билан қўрғоннинг канализация тармоғига уланиши жуда катта янгиликдир. Бу каби имкониятлар, ҳаттоки, баъзи бир туман марказлари, қўрғон ёки шаҳарчаларда ҳам йўқ. Албатта, тараққиётга юзланаётган юртга ўзгаришлар, янгиликлар ярашади.
Ер остига – горизонт бўйича 660 метр чуқурликка саёҳат
[gallery-1297]
Айтишларича, кончилик касби дунёдаги энг хавфли 10 та касбнинг бири сифатида тилга олинар экан. Албатта, ер остида ишлаш, тор йўлакчалар ва ҳаво танқислиги шароитида минерал тошларни майдалаш – бу ҳар ким ҳам уддалай оладиган машғулот эмас. Шунинг учун кўпчилик бу касбни танламайди. Танлаганлар эса бир умр ўз касбига содиқ қолган ҳолда шарафлаб ўтишади.
“Ғужумсой” кони 2009 йилдан бошлаб ўзлаштирила бошланди. Айни пайтда таркиби олтинга бой бўлган тоғ жинслари қазиб олинаётган конда 4 минг нафарга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Кон 2 та тик ствол, яъни бош ва ёрдамчи стволлар билан очилган. Бош ствол орқали қазиб олинган фойдали қазилмалар юқорига ер юзасига чиқарилса,ёрдамчи ствол эса ишчиларнинг шахтага тушиб-чиқиши, асбоб-ускуналар, материалларни тушириб чиқаришга хизмат қилади.
Тоза ҳаво оқими шахтага бош ствол орқали юборилади ва ишлатилган ҳаво ёрдамчи стволлар орқали ер юзига чиқариб юборилади. Конда қия транспорт стволи (НТС) ҳам мавжуд.
Жанубий кон бошқармаси кончилик бўлими бошлиғи ўринбосари Абдураззоқ Худоёров, “Ғужумсой” кони кон ишлари бўйича бош муҳандис ўринбосари Марат Нуралиев ҳамроҳлигида махсус транспорт воситасида, кончиларнинг тили билан айтганда “автобус”да қия транспорт стволи орқали горизонт бўйича 660 метр ер остига тушдик.
Биринчи галда кончиларнинг махсус кийимларини кийиб, мутахассислардан конда ҳаракатланиш хавфсизлиги бўйича кўрсатмалар олдик.
Ер қаърига тушиб борар эканмиз, очиғи, дастлаб ҳар биримизда қўрқув бор эди. Зим-зиё қоронғулик. Машина чироғининг хира ёруғлиги ер қаърига сингиб кетади. Қоронғуликка кўзларимиз тезда мослашди. Йўл-йўлакай ҳамроҳларимиз тош лаҳм ҳақида сўзлаб беришди.
– 2009 йилнинг ноябрь ойида қазила бошлаган лаҳм йил охирига қадар 110 метрга етказилган бўлса, 2020 йилнинг якунига қадар 25 минг метрга етказилди. Лаҳм қазиш ишлари олтин маъдани қазиш ишлари билан параллел равишда олиб борилмоқда. Жорий йилда олтин маъдани қазиш ҳажмини 750 минг тоннага етказишни режалаштирганмиз, – дейди А.Худоёров.
Ер ости қия лаҳмида транспорт воситаси бир томонлама ҳаракатланади. Маълум бир узунликда қўшимча лаҳмлар мавжуд. Бу қарама-қарши томондан келаётган транспорт воситасига йўл бериш учун махсус қилинган. Пастга тушишимиз баробарида бир неча бор ана шу йўлакларга “беркинишимизга” тўғри келди. Сабаби улкан машиналар тош ортган ҳолда ер қаридан секинлик билан тепага чиқиб келарди. Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, уларнинг ҳар бири 20 тоннадан 30 тоннагача тошни юқорига олиб чиқар экан.
Қарийиб ярим соатларча юрганимиздан кейин машинадан тушиб, гоҳ сув кечиб, гоҳида тош йўлдан юриб, шахта йўлини давом эттириш учун махсус перфоратор билан ер остидаги қаттиқ жисмларни бурғулаётган ва портлатиш ишларига тайёргарлик кўраётган кончилар олдига бордик. Улар билан суҳбатлашдик. Ишчиларга яратилган шароитлар, ер остида тош қояларни тешиш ва белгиланган йўналиш бўйича портлатиш жараёни билан қизиқдик.
Машинада ортга қайтар эканмиз, ер ости горизонтнинг 240 метрида бир гуруҳ ишчиларга деч келдик. Улар ўзларини геологлар деб таништиришди.
– Мана уч йилдирки, кон қазиб олиш участкаси биринчи бўлимида ишлайман, – дейди ўзини Ҳусниддин Абриев деб таништирган геолог. – Лаҳмда назорат ишини олиб бориб, белгиланган штрихларнинг ҳар беш метридан намуна олиб, заҳирани аниқлаймиз. Дастлабки маълумотларга кўра, заҳирамиз 80-100 йилга етади.
Ва ниҳоят ер устига – ёруғликка чиқдик. Тўғриси, инсонларнинг ер остидаги ҳаракатини киноларда кўрганмиз. Бугун эса НКМК раҳбарияти ёрдами ва бевосита ташаббуси билан ўзимиз ер остига – 660 метр чуқурликка тушиб, кончилар ҳаёти ва иш фаолияти билан яқиндан танишдик.
Юзлаб инсонларнинг тафаккури, ақлу заковати, заҳматли меҳнатига қўйилган ҳайкал
[gallery-1295]
Бунёд этилаётган замонавий корхоналар, ижтимоий объектлар кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. 4-гидрометаллургия заводининг барпо этилиши ҳам ана шундай яратувчанлик йўлида олиб бораётган ишлардан биридир.
– “Зармитан” олтин маъдан конларини ўзлаштириш ва қайта ишлашга мўлжалланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши Заркент қўрғонида қисқа муддатда 4-гидрометаллургия заводини қуриш заруратини келтириб чиқарди, – дейди завод директори Асқар Зокиров. – Завод қурилиши 2009 йилнинг сентябрь ойида бошланиб, 2010 йилнинг июлида тугалланди. Бу комбинат тизимида тез суръатлар билан қурилган ягона заводдир. 4-гидрометаллургия заводида хорижда ишлаб чиқарилган энг замонавий технология ва асбоб-ускуналар ўрнатилди. Финландияда ишлаб чиқарилган замонавий “С-125” русумли майдалагичда янчилган рудани саралаш Германия компаниясида ишлаб чиқарилган гидроциклонларнинг автоматлаштирилган тизимида амалга оширилмоқда. Завод фойдаланишга топширилиши туфайли илк маротаба майда олтинларни гравитацион саралаш Канаданинг “Фалкон” компаниясида тайёрланган бешта марказдан қочма гравитацион аппаратларда интенсив гравитация усулида, таркибида олтин бўлган бой концентратларни цианлаш Австралиянинг “Гекко” компаниясида ишлаб чиқарилган иккита қурилма ёрдамида бажарилмоқда. Завод технологияси ғоятда ноёблиги, технологик жараёнларда Ҳамдўстлик давлатларида ўхшаши бўлмаган, замонавий технология ва жиҳозлар қўлланилганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Завод фойдаланишга топширилгандан олти ой ўтиб тоғ жинсларини майдалаш участкаси, 2012 йил июнь ойида иккинчи тегирмон блоки, 2013 йилнинг февраль ойида сорбция бўлими иккинчи навбати ишга туширилди. Айни пайтда заводда юзлаб маҳаллий кадрлар меҳнат қилмоқда.
Хуллас, Навоий кон металлургия комбинати ДК бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Саноқуловнинг таъбири билан айтганда, зармитанликларнинг фахри бўлмиш 4-гидрометаллургия заводи мажозий маънода юзлаб инсонларнинг тафаккури, ақлу заковати, заҳматли меҳнатига қўйилган ҳайкалдир, десак муболаға бўлмайди.
Музейлар узоқ ўтмиш, шонли тарихдан сўзлайди
[gallery-1296]
Музейлар тарихимизни ўрганишга, кечаги ва бугунги ҳаётни таққослаб, жамиятимиз тараққиёти ҳақида тўғри хулоса чиқаришга хизмат қилади. Уларда сақланаётган турли экспонатлар ва экспозициялар халқимизнинг узоқ ўтмиши, шонли тарихи, аждодларимиз турмуш тарзи ҳақида бизга қатор маълумотларни тақдим этади.
НКМК тарихи музейи муҳташам “Фарҳод” маданият саройининг 2-қаватида жойлашган бўлиб, комбинатнинг 60 йиллик тарихини ўзида мужассамлаштирган.
Музейни томоша қилар экансиз комбинатнинг эгаллаб турган майдони, фаолият кўлами, давлат учун даромадлилик даражаси, ишлаб чиқариш қувватларининг катталиги, маҳсулотлар турларининг кўплиги, банд бўлган ходимлар сони, хуллас, барча маълумотлар билан танишиш мумкин.
Навоий кон-металлургия комбинати уран қазиб олиш ва уни тайёр маҳсулот шаклида экспорт қилиш бўйича Ўзбекистондаги ягона корхона ҳисобланади. Комбинат жамоаси 1994 йилда биринчи марта уран қазиб олишнинг ер остида танлаб эритмага ўтказиш усулини қўллаган ва ҳозиргача ушбу усулдан самарали фойдаланиб келмоқда.
Асосий маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан ташқари, комбинатда фосфорит хом-ашёси, сульфат кислотаси, суюқ шиша, портловчи моддалар, поливинилхлорид материаллари, гранит, мармар, қум, оҳактош, бетон, бетонасфальт каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Шунингдек, комбинат металл кесувчи дастгоҳлар, пайвандлаш электродлари, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқаришдан ташқари, саноат асбоб-ускуналарини таъмирлаш бўйича хизматларни ҳам амалга оширади.
– Ўзбекистон Республикаси харитаси ёнидамиз, – дейди музей директори Салима Холдорова. – Унда Навоий кон-металлургия комбинати томонидан ўзлаштирилиб, фаолият юритаётган конлар белгилаб қўйилган. Айни пайтда комбинатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда турли даражадаги корхоналари мавжуд. Навоий, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод ва Маржонбулоқ шаҳарлари ҳамда Зафаробод ва Заркент қўрғонлари бевосита кончилик саноати ривожланиши натижасида бунёд этилган аҳоли пунктларидир. Улар бир-бирлари билан автомобиль ва темир йўллари орқали боғланган ҳамда республиканинг ягона энерготизимига уланган.
Музейнинг иккинчи залидаги экспоциялар НКМК ташкил топиш давридан ҳикоя қилади. Бу ерда комбинат тарихини фотосуратларда кўриб билиб олиш мумкин..
Музейда НКМК тизимидаги саноат корхоналари макетлари ўрин олган бўлиб, уларни томоша қилар экансиз, заводлар ичига кириб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни.
– Бу Мурунтов кони карьерининг макети, – дея суҳбатини давом эттиради С.Холдорова. – 1967 йил март ойида Мурунтов конида ўтказилган дастлабки оммавий портлаш ишлари Марказий Қизилқум ҳудудидаги ер қазилма бойликларини ўзлаштиришнинг янги даври бошланганидан дарак берди. Айни вақтда карьернинг чуқурлиги 615 метрни, узунлиги 3500 метрни ва эни 2700 метрни ташкил қилади. Очиқ усулда коннинг барча заҳираларини самарали ўзлаштириш 1170 метргача чуқурликда ва айрим участкалари бортларининг баландлиги 1200 метргача бўлган шароитда амалга оширилади. Кон карьерининг чўзиқлиги ғарбдан шарққа қараб 1,3 баробарга ортиб 3300 метрдан 4300 метргача кенгайган, шимолдан жанубга эса 1,5 баробарга ортган.
Шунингдек, комбинатнинг эришган ютуқлари, фаолият олиб бораётган олимлар илмий изланишлари натижалари музей экспонантлари орасидан жой олган.
Хуллас, музейни томоша қилар экансиз, комбинатнинг кечаги куни ва бугуни тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўласиз.
Албатта, бугунги кунда комбинат тизимидаги барча корхоналарда улкан яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Уларнинг барчаси юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Кончилар ва тизимда меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимларнинг фидокорона ва шарафли ишларига омад тилаган ҳолда манзилимизда давом этдик.
Абдували БЎРИЕВ, Сирож АСЛОНОВ (фото), ЎзА