Сўнгги йилларда республикада ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, муҳофаза қилиш, янги ерларни ўзлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бироқ ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ер участкаларидан оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари учраётгани бу борада рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ягона назорат тизимини жорий этиш ҳамда ваколатли идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Соҳада рақамли технологияларни жорий қилиш мақсадида Кадастр агентлиги томонидан ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш ва уларни ўз вақтида ва объектив кўриб чиқиш мақсадида электрон ҳужжатлар алмашинуви, шунингдек, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этишгача бўлган ҳолатларни кузатиб бориш имконини берувчи “E-yer nazorat” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилди.
Бунинг натижасида соҳада ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олиш ва қурилиш ишларини амалга оширишдаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашдан бартараф этилгунгача самарали давлат назорати ўрнатилишига эришилди. Бундан ташқари, Президентнинг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан тизим фаолияти такомиллаштирилди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан интеграция қилинган Ички ишлар вазирлигининг “E-ma’muriy ish” ахборот тизими ўртасида маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. Ўз навбатида энди ер назоратини амалга оширувчи инспекторлар махсус планшет ва боди камералар билан таъминланди.
– Бошқармамиз ва ҳудудий бўлим инспекторлари жорий йилнинг март ойидан бошлаб жойлардаги ер назорати тадбирларини планшетлар орқали амалга оширишни бошлади, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Р.Пайзиев. – Масъул инспектор томонидан аниқланган ер қонунбузилиши ҳолати, уни бартараф қилгунгача жараён бевосита реал вақт режимида ортиқча қоғозбозликларсиз амалга оширилади.
Яъни ҳолатни қайд этиш, расмийлаштириш, баённома тузиш, ҳужжатларни юбориш электрон тарзда амалга оширилади. “E-yer nazorat” тизими Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбеккосмос” агентлиги, Мажбурий ижро бюроси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятига жорий этилган тегишли ахборот тизимлари билан тўғридан-тўғри интеграция қилинади.
Шунингдек, фото ва видео қайд этиш техника воситалари ёки автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали, жумладан, 1097 қисқа рақам орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар электрон алоқа тармоғи орқали реал вақт режимида “E-yer nazorat” тизимига интеграция қилиш йўли билан тақдим этилади.
Мазкур амалиётнинг жорий қилиниши натижасида ортиқча қоғозбозлик ва ҳуқуқбузарликни бартараф этишда муддатлар қисқариши ва ҳужжат алмашиш самарадорлигига эришилади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири