Охирги пайтларда ерларни ўзбошимча эгалламаслик, улардан мақсадсиз фойдаланмаслик, тегишли ҳужжатларсиз қурилишлар қилмаслик бўйича тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамай фуқаролар томонидан қонун талабларини четлаб ўтиш ҳолатлари кузатилишида давом этмоқда.
Хусусан, Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан жорий йил бошидан ер ва кадастр соҳасига оид жами 2 минг 551 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан 508 та ҳолатда ерлар ўзбошимчалик билан эгалланган, 268 та ҳолатда ўзбошимча эгаллаган ерларда қурилиш ишларини амалга оширилган, 16 та ҳолат суғориладиган ерларни ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, 509 та ҳолатда ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш кузатилди. 1 минг 257 та ҳолатда эса кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этилмаган. Маъмурий жавобгарликка тортилганларнинг 434 нафари мансабдор, 2 минг 117 нафарини жисмоний шахслар ташкил этмоқда. Қонунчиликка мувофиқ эса кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказмасдан амалга оширилган битимлар ҳақиқий ҳисобланмаслиги, жисмоний ҳамда юридик шахслар тегишли ҳуқуқ пайдо бўлгандан кейин 1 ой ичида кўчмас мулк давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ёки кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилинади.
А. Мусаев, ЎзА.