Андижон вилоят Кадастр агентлиги, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятда ердан фойдаланиш, муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ва самарали фойдаланишни тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, вилоятда ердан ноқонуний фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Кадастр агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси тизимида фаолият олиб бораётган инспекторлар томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 500 та ҳолатда 46,1 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
Таҳлилларга кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 46,1 гектар ер майдонининг 38,6 гектари қишлоқ хўжалигига, 2,8 гектари аҳоли пунктларига, 1,5 гектари сув фонди, 1,8 гектари захира ер фондига, қолган қисми эса саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектларга тегишли эканлиги маълум бўлди.
– Ҳудудий кадастр инспекторларимиз томонидан олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 14,5 гектар ер билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди, – дейди Кадастр агентлиги Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Шунингдек, 26,7 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилган қурилмаларни буздириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилди. Бундан ташқари, 61 та ҳолатда аниқланган қонун бузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари мавжудлиги сабаб ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.
Ҳудудий кадастр инспекторлари томонидан юридик ва жисмоний шахслар ўртасида жорий йил апрель ойида қабул қилинган “Маъмурий жарималарни тўлашда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 3321-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, қонундаги афзалликлар бўйича тарғибот ва тушунтиришлар олиб борилмоқда. Яъни, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши тушунтирилмоқда.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан ердан фойдаланиш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.