Кадастр агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари геодезия ва картография, давлат кадастрини юритиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат ерларини таъминлаш, уларни ўзбошимчалик билан эгаллашнинг олдини олиш, кадастр-геодезия назорати соҳалари ҳисобланади.
–Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб ер назорати бўйича тадбирлар давом этмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Исатай Тлеуов. – Ўтган 2023 йилда бошқарманинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан юридик ва жисмоний шахслар 877,7 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаши бўйича 2 минг 716 та ҳолат аниқланди.
Кўрилган чора-тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида қонунга хилоф равишда олиб қўйилган 793,5 гектар ер майдони ҳокимликларнинг захира фондига қайтарилди. 750 та ҳолатда ноқонуний эгалланган 649,04 гектар ер майдонини мажбурий қайтариб бериш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди, 335 та ҳолатдаги 10,61 гектар бўйича суд органларида суд жараёни давом этмоқда. Ҳозир 937 та ҳолатда аниқланган 374,16 гектар ер майдонини захира фондига қайтариш чоралари кўрилмоқда. Ер қонунчилиги бузилишида жиноят аломатлари бўлгани учун 115 та ҳужжат прокуратура органларига юборилди.
Бошқарма, унинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан 2 минг 819 нафар фуқаро ва жисмоний шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.
Ер билан боғлиқ қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш, фуқароларга ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ноқонуний эканини тушунтириш мақсадида жойларда келишилган режа асосида сайёр қабуллар, аҳоли билан мунтазам учрашувлар ташкил қилинмоқда.
Ноқонуний қурилмаларни ўзбошимчалик билан қурган шахсларни аниқлаш имкони бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги “Давлат ер ва кадастр назоратини амалга ошириш тартиби ҳамда давлат геодезия назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган низомнинг 43-бандига асосан, давлат ер ва кадастр назоратини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ҳаракатларнинг олдини олиш ёки уларни тўхтатиш ёхуд ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаган шахсларни аниқлаш ва ушлаб келтириш бўйича тезкор ҳаракатлар ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Ноқонуний қурилма қурилганлиги аниқлангандан сўнг Кадастр агентлиги органлари томонидан мазкур қурилмани бузиш (бартараф этиш) бўйича 15 кунлик расмий огоҳлантириш берилади. Ноқонуний қурилма ихтиёрий бартараф этилмаган тақдирда мазкур қурилмани буздириш мақсадида судларга даъво ариза киритилади. Судлар томонидан 2 ой давомида кўриб чиқилгандан сўнг қарор қабул қилиниб, 1 ойдан сўнг қонуний кучга кирмоқда. Ноқонуний қурилма аниқлангандан сўнг, мажбурий буздириш қарори кучга киргунга қадар 3-4 ой муддат ўтиб кетмоқда. Шунинг оқибатида ноқонуний қурилмалар давом этиб келмоқда.
Ушбу салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича суд органлари томонидан даъво аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш муддатини қисқартириш ҳамда қарор қабул қилган куннинг ўзида ноқонуний қурилмани тўхтатиш бўйича фуқарога огоҳлантириш бериш ҳамда Ички ишлар органларига қурилишнинг давом эттирилмаслиги бўйича маълумот киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Агентлик тасдиқланган иш режасига асосан, ер қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги ишлар давом этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.