Мамлакатимизда ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни, бу борадаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Кадастр агентлигининг Жиззах вилоят бошқармасида ҳам зарур тадбирлар ўтказилмоқда.
Аммо ҳудудларда ер қонунчилигига риоя қилмаслик, ноқонуний қурилмалар қуриш, шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари учраётганлиги, назорат тизимини жорий этиш ҳамда ваколатли идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этади.
Вилоят прокуратурасининг ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўлими бошлиғи М.Отақулов ҳамда Кадастр агентлигининг Жиззах шаҳар бўлими бошлиғи ўтказган навбатдаги мониторинг тадбирида Президентимизнинг 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.
Тадбир жараёнида “Жиззахлик” маҳалла фуқаролар йиғини Ховостлик маҳалласида яшовчи фуқаролар томонидан ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ҳолатлари аниқланди. Жумладан, “Жиззахлик” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Б.Джабборов участкасига туташ бўлган Ховостлик кўчасида жойлашган ҳокимлик захирасидаги 105 метр квадрат ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, савдо дўкони қуриб олганлиги ва унда ерга тегишли бўлган ҳеч қандай ҳужжатлар йўқлиги аниқланди. Фуқаро Б.Рашидов эса ўзбошимчалик билан 65 метр квадрат ерни эгаллаган ва у ерга ем-хашак сотишга мўлжалланган савдо дўкони қуриб олган. Яна бир фуқаро А.Ўралов 3 метр квадрат ер майдонига қонунга хилоф тарзда хизмат кўрсатиш шохобчасини қурган.
Булардан ташқари, ҳокимлик захирасида бўлган ер майдонига фуқаро Б.Аҳрорқулов 6 метр квадрат, Н.Жуманова 12 метр квадрат енгил конструкцияли савдо дўконларини ҳеч бир ҳужжатсиз ўрнатиб олганлиги ва улардан ноқонуний фойдаланиб келаётгани ўтказилган мониторинг давомида ўз исботини топди.
Ердан фойдаланишда амалдаги қонун-қоидаларга риоя этмай, давлат ерида ўзбошимчалик билан қурилмалар қурганлар огоҳлантирилади, бу огоҳликни тўғри англаб, ихтиёрий равишда ушбу хатоликларини бартараф этмаганларга нисбатан эса қонун доирасида чоралар кўрилади.
Бобур Норматов,
Кадастр агентлиги
Жиззах шаҳар бўлими бошлиғи
ЎзА