Бухорода ерлар деградацияси жараёнларининг олдини олиш ва унга қарши курашишга доир кўргазмали семинар-тренинг ташкил қилинди.
Унда туманлар қишлоқ хўжалигига дахлдор ташкилот, корхоналар масъуллари, ирригация ва мелиорация, суғориш тармоқлари, шунингдек, ўрмон хўжаликлари, экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутасаддилари қатнашди.
Тадбир Президентимизнинг жорий йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳиятини қуйи бўғиндаги ташкилот, идора ва корхоналар мутасаддиларига етказиш, унда қайд қилинган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди. Таъкидланганидек, экин ерлари сифатининг ёмонлашиши, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлигининг кескин пасайиши илмий тилда ерлар деградацияси дейилади.

Қурғоқчил иқлим шароитида ерлар деградацияси кўп ҳолда чўлланиш жараёнига ўтади. Бунда кўп йиллик ҳосилдор ер қисқа муддатда саҳрога айланиши мумкин. Ер деградацияси тупроқ функциясини ўзгартирувчи, унинг хоссаларини “бузувчи ва ўлдирувчи”, унумдорлигини йўқотувчи жараёндир. Ерлар деградациясининг қуйидаги, яъни технологик (узоқ муддат фойдаланиш натижасида), эрозия, шўрланиш, ботқоқланиш, ифлосланиш ва чўлланиш каби турлари мавжуд.
Ўзлаштирилган унумдор суғориладиган ерларнинг ўсимликлари ва унумдорлиги йўқотилган сувсиз ҳамда қурғоқчил, ҳаётсиз чўлга айланишида ерлар деградацияси яққол кўзга ташланади. Жарликлар ёки кучли шўрланган ерлар, чорва юрадиган сон-саноқсиз сўқмоқлар билан кесилиб кетган ва ҳеч бир гиёҳ унмайдиган ёнбағирлар, ўрмонзори йўқ қилинган катта ҳудуд ёки чанг бўрон, кучли шамол воситасида ҳаракатланувчи қум кўчишлари деградациянинг кўринишларидир. Деҳқончиликнинг нотўғри юритилиши оқибатида ҳам тупроқ деградацияси кузатилади. Бунда катта муаммо – ерга муттасил бир хил экин экишнинг кенг тарқалганидир. Минерал ўғитлардан нотўғри фойдаланиш тупроқ таркибини бузади. Табиий чириндилар миқдорини камайтиради. Ҳосилдорликни пасайтиради.
Шунингдек, сувдан мақсадсиз фойдаланиш, суғориш тармоқларида сув исрофгарчилиги жуда катталиги, дренаж тармоқларининг йўқлиги ёки яхши ишламаслиги, гидромелиорация ва гидротехника тадбирларининг мукаммал эмаслиги туфайли тупроқнинг ҳаддан ташқари шўрланиши, ботқоқланиш, ирригацион эрозияга учраши ҳамда бошқа ҳодисалар кузатилади. Бунинг натижасида суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигига путур етади. Муаммонинг ечимларидан бири, яъни ерлар деградациясига қарши курашда суғориладиган ерларда дуккакли ўсимликлардан кенг фойдаланган ҳолда алмашлаб экиш усули яхши самара беради.

Алмашлаб экишнинг фойдаси, экинларни тўғри танлаш ва навбатлашни органик ва минерал ўғитларни сепиш билан бирга олиб бориш тупроқдаги органик модданинг ҳосил бўлиш ва парчаланиш жараёнини тартибга солади, унинг етарли даражадаги мувозанатини тиклайди.
Кўргазмали ўқув-амалий семинари якунида ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирлари самарадорлигини ошириш юзасидан масъул-мутасадди корхона ва ташкилотларга аниқ топшириқ ҳамда тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА