Янгийўл туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уни қайта ишлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан ОАВ вакиллари учун ўтказилган Пресс-турда жойлардаги амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Самарқанд маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Салимжон Тохировнинг фермерлик фаолиятини бошлаганига кўп йиллар бўлди. Унинг икки нафар ўғли бугунги кунда отаси бошлаган ишини давом эттириб, умумий 37 гектар ерда самарали ишни ташкил қилган.
– Такрорий экин учун 5 гектар жойга картошка уруғини экяпмиз, – дейди фермер Карим Тохиров. – Кутилаётган ҳосилимиз эса 150-180 тонна. Агар ҳосилимизни камида 5 минг сўмдан сотсак ҳам жами даромадимиз 500 миллион сўмгача етади. Лекин мавсумда шунга яраша меҳнат ва харажат ҳам бор.
Тумандаги “Х.Турсунқулов” ҳудудидаги фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари сабзавот, полиз экинларини етиштиришга ихтисослашган. Бугунги кунда далалардаги помидор, булғор қалампири ва шу каби сабзавот экинлар ҳосили мутахассислар томонидан экспорт ва ички бозорларга йўналтирилмоқда. Пресс-тур иштирокчиларига мазкур жараёнлар ҳам таништирилди.
Ҳозир бу ерда маҳаллаларда етиштирилган сабзавотлар қайта ишланади. Бунинг учун 50 нафар ишчи жалб қилиниб, улар ҳар куни 150 минг сўмдан иш ҳаққи олади. Шу билан бирга, ОАВ вакилларига маҳаллаларда ёшларга берилган ердан самарали фойдаланиш, сабзавот етиштиришга ихтисослашган намунали хонадонлар кўрсатилди.
Жараёнда журналистлар масъуллар, деҳқонлар ва ишчилар билан суҳбатлашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Маълумотларга қараганда, ҳозир ҳудудда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдони жами 24 минг 151 гектарни ташкил қилади. Шу соҳада фаолият юритаётган хўжалик субъектлари эса 811 тага етган.
Туманда жорий йил биринчи яримида маҳсулот ишлаб чиқаришда ўсиш 106,2 фоизга етди. Шундан 18,1 минг тонна сабзавот, 11,5 тонна картошка, 6,2 минг тонна мева ва резаворлар, 19,2 минг тонна гўшт, 45,4 минг тонна сут, 184,0 тонна пилла маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Ўз навбатида такрорий экиндан ҳам яхши натижа кутилмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов, ЎзА.