Ер билан тиллашган инсон
Томорқани ҳар бир хонадоннинг ҳақиқий хазинаси, десак, сира муболаға бўлмайди. Чунки у нафақат оила дастурхонини тўкин қилиш, балки барқарор даромад манбаини яратиш, меҳнат орқали фаровон турмушга эришиш имкониятини ҳам беради.
Ёз фаслида очиқ майдонда, қиш мавсумида эса ихчам иссиқхона шароитида турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш орқали ҳар бир хонадон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, оила фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор қўйиши мумкин.
Бухоро вилояти Қоракўл туманининг Қуйи Янгибозор маҳалласида истиқомат қилувчи Тўлқин ака Раҳимовнинг деҳқончиликдаги иш тажрибаси ана шу фикрнинг ёрқин ва ибратли исботидир. У ўз томорқасидан оқилона фойдаланиб, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик ва замонавий агротехнологияларни қўллаш орқали барқарор даромад манбаини ярата олган инсонлардан бири ҳисобланади.

Қаҳрамонимиз бир эмас, балки иккита ихчам, замонавий талабларга жавоб берадиган кичик иссиқхона барпо этиб, деҳқончиликни тизимли йўлга қўйган. Ишнинг кўзини билган, ер билан тил топиша олган уста деҳқон иссиқхоналарнинг бирида булғор қалампири етиштиришни йўлга қўйиб, қисқа муддат ичида мўл ва сифатли ҳосил олишга эришмоқда. Бу эса нафақат оила эҳтиёжини қондириш, балки бозорга маҳсулот чиқариш орқали даромадни ошириш имконини ҳам яратмоқда.
– Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисининг кўмагида имтиёзли банк кредити асосида иссиқхона ташкил қилдик, – дейди Тўлқин ака. – Дастлаб томорқадан кўзланган натижани олиш учун ер унумдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратдик. Калифорния чувалчанги орқали биогумус ҳосил қилиб, уни экин майдонларига киритдик. Ер кўчат экишга тўлиқ тайёр ҳолатга келгач, булғор қалампирининг “Ведрана” навини ўтқаздик. Бу нав турли касалликларга чидамлилиги, ҳосилдорлиги ва бозор талабига мос сифат кўрсаткичлари билан бизда катта қизиқиш уйғотди.

“Ведрана” нави бугунги кунда дунё бўйлаб оммалашган навлардан бири бўлиб, эртапишарлиги ва юқори ҳосилдорлиги билан ажралиб туради. У турли иқлим шароитларига яхши мослашувчан бўлиб, кўчат экилгандан кейин тахминан 60-65 кун ичида ҳосилга киради. Ҳар бир меваси ўртача 150 граммдан 250 граммгача етиб, ташқи кўриниши, таъми ва сақлаш қобилияти билан ҳам юқори баҳоланади. Бу эса уни ҳам истеъмолчилар, ҳам бозор савдоси учун жуда мақбул навга айлантиради.
Бугунги кунда Раҳимовлар хонадонида томорқа хўжалиги тараққий этган, тизимли ва режали равишда ривожланиб бормоқда. Томорқада етиштирилаётган маҳсулотлар нафақат оила дастурхонини тўлдирмоқда, балки қўшимча даромад манбаи сифатида оила иқтисодий барқарорлигини таъминламоқда. Бу эса хонадонга файзу барака, хотиржамлик ва фаровонлик бағишламоқда.

Бир сўз билан айтганда, янгибозорлик Раҳимовлар оиласининг тажрибаси томорқадан оқилона фойдаланиш, меҳнатга суянган тадбиркорлик, замонавий агротехнологияларни қўллаш орқали ҳар бир хонадон ўз турмуш даражасини ошириши мумкинлигининг ёрқин намунасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири