Ер билан тиллашаётган қайрағочликлар
“Ер – хазина” деган нақл бор. Лекин бу хазинани тасарруф этиш, саховатли замин туҳфаларини “излаб топиш” учун астойдил меҳнат қилиш, изланиш зарурлиги ҳам бор гап.
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Қайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғинида ердан унумли фойдаланиш, томорқачилик борасида ўзига хос мактаб яратилган. Йилнинг тўрт фаслида ҳам бу қишлоқ одамлари етиштирган маҳсулотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаб келади.
Шу қишлоқлик Ғуломжон Маҳкамов хонадонига кирган киши ҳовли-ю томорқадаги саранжом-саришталик, озодалик, намунали деҳқончилик ишларига гувоҳ бўлади. У билан суҳбатлашгач эса томорқа мўмайгина даромад манбаи эканлигини-да англаб етади.

–Ота-боболаримиз деҳқончилик орқасидан тўйлар қилган, фарзандларини ўқитиб, уй-жой қуришган. Ерга меҳр берсангиз, у билан “сирлашиб”, ҳар бир экинни ўз жойи ва вақтида қадасангиз, мўл ҳосил олишингиз мумкин, – дейди Ғуломжон. – Ўтган йили 10 минг долларлик узум сотдик. Бошқа экинлардан ҳам 40-50 миллион сўм даромад қилдик.
Тажрибали томорқачининг бу йилги режалари ҳам чакки эмас. Узум токлари остида 10 минг туп помидор кўчати парваришланяпти. 20-25 кунда бу ниҳолларга харидорлар кела бошлайди. Томорқада бирор қарич бўш жой кўринмайди. Плёнка остига 3 минг туп карам ва 20 минг туп эртаки қизилча кўчатлари февраль ойининг бошларида экилган. Апрель ойида булар ҳам бозорга олиб чиқилади. Ғуломжоннинг айтишича, ҳар йили томорқадан 3-4 марта ҳосил йиғиштириб олинади. Буларнинг самарасида дарвоза ёнида янги “Дамас” автомобили кўзни қувнатиб турибди.
Илҳомжон Тожалиев хонадонида эса росмана иссиқхона хўжалиги ташкил этилган. 4 сотихлик иссиқхонада бодринг ниҳоллари баравж ривожланяпти. Ёнидаги 4,5 сотихлик яна бир иссиқхонага эса карам экилган. Тадбиркор деҳқон карам ниҳоллари орасига қизилча уруғини экиб чиққан, айни кунда қизилча ҳам униб чиқиб, парвариш қилиш бошланган. “Карам тез кунда тайёр бўлади, у юлиб олингач, тагидаги қизилчага навбат келади”, дейди Илҳомжон.

Мунаввархон Тўйчиева ҳам Қайрағочнинг омилкор деҳқон аёлларидан. Ўтган йили октябрь ойида иссиқхонага аччиқ қалампир ниҳолларини қадаган эди. Кўмир ёрдамида ишлайдиган иситиш тизими ўрнатилган иссиқхонада етиштирилган қалампирнинг дастлабки ҳосилини 150 минг сўмдан сотди, рўзғорига барака кирди. Кун сайин йиғиштириб олинадиган барра қалампир миқдори ортиб боряпти.
– Қишлоғимизда бекор юрган одамни тополмайсиз, қишин-ёзин ер, томорқа ишлари билан банд. Буғдойдан бўшаган ер майдонларига шолғом, турп, сабзи, петрушка ва укроп экиш ҳадисини олган одамларимиз. Айни кунларда республикамиз вилоятлари ва яқин хориж мамлакатларига турп ва шолғом экспорти авжига чиққан, – дейди “Қайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Валижон Маҳкамов. – Кузги мавсумнинг ўзида маҳалламизга камида 50 миллиард сўм пул кириб келади. Ишсизлик, бекорчилик йўқлигиданми, оилалар фаровонлиги яхшилигиданми, маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмайди, оилавий ажрим ҳам йўқ.

Рост-да, ҳамма қайсидир меҳнат тури билан машғул бўлса, олинган даромад рўзғор бутлигини таъминласа, беҳуда “кўча чангитиб” юрганлар бўлмаса, бу ерда жиноятчилик юз кўрсатмайди. Туман ҳокимлиги масъулларининг айтишича, турли сабаблар билан мурожаат қилувчилар, муаммоли вазиятлар айнан шу қишлоқда “ноль” даражада экан. Ваҳоланки, қишлоқда 592 та хонадон, уч ярим мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Хонадонларга кирганимизда ҳар бир уйда 2-3 тадан қорамол боқилаётгани, ўрдак ва товуқ парваришланаётгани гувоҳи бўлдик. Сут, қатиқ, сариёғ сотиб олмайди қайрағочликлар. Тухум, гўшт ўзидан чиқади. Бир сўз билан айтганда, қайрағочликлар – ер билан тиллашиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, иссиқхоналарда эртаки ҳосил олиш ҳадисини олган миришкорлар ғайратига минг таҳсинлар айтса, арзийди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири