Эпизоотик вазият доимо назоратда бўлиши керак
Самарқанд вилоятида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари учун чорвачиликда учрайдиган юқумли касалликлар ва уларга қарши чоралар кўриш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Самарқанд вилоятида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари учун чорвачиликда учрайдиган юқумли касалликлар ва уларга қарши чоралар кўриш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Ветеринария бошқармаси бошлиқлари, илмий-текшириш институтлари ходимлари ва тадқиқотчилар учун ташкил этилган тадбирда асосий эътибор чорва моллари орасида учрайдиган бир қатор юқумли касалликлар, уларни даволаш ҳамда олдини олиш чоралари ўрганилди.
Жумладан, Россия Федерацияси Бутунроссия ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институти Ахборот таҳлил маркази шўъба мудири Виктор Никифоров томонидан махсус машғулотлар ташкил этилди. Унда оқсил касаллиги бўйича олиб борилаётган изланишлар, касалликни эрта ташхислаш ва унинг олдини олиш борасидаги янгиликлар, татбиқ этилаётган халқаро тан олинган тажрибалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
– Мамлакатимизда оқсил касаллиги яқин 15 йилдан буён қайд этилмаган, – деди Самарқанд Ветеринария медицинаси институти доценти Абдурауф Қамбаров. – У бошқа касалликларга қараганда жуда тез тарқалади. Қулай атмосферада бир соатда 30 километргача бўлган ҳудудни эгаллаши мумкин. Минтақамизда вазият барқарор, деб хотиржамликка берилиб бўлмайди. У келтирадиган иқтисодий зарарни қоплагандан, касалликнинг олдини олиш қулай ва самаралидир. Ҳозир майда ва йирик шохли қорамоллар универсал вакцина ёрдамида эмланади. Унинг кучи бир йилгача етиши мумкин. Шу муддат давомида ҳайвонлар оқсилдан ташқари, бошқа касалликлардан ҳам ҳимояланади. Демак, бу борадаги ишлар тизимли олиб борилиши зарур. Институтимиз лабораториясида ҳам бу борада мунтазам илмий изланишлар ва тажрибалар олиб борилмоқда. Эришилган натижалар, янгиликлардан соҳа ходимларини хабардор қилиш долзарб вазифа.
Юртимизда қиш фаслидаги совуқ иқлим туфайли турли вирусли инфекциялар ва қўзғатувчилар яшовчанлиги йўқолиши мумкин. Аммо оқсил касаллиги мавсумий бўлгани ва йилнинг баҳор ойларида уйғониши сабабли, турли табиий экстроген таъсирлар натижасида пайдо бўлиши ва тарқалиши ҳеч гап эмас.
Семинар машғулотларида жаҳондаги эпизоотик вазият хусусида ҳам маълумот берилди.
– Маълумотларга кўра, Марказий Осиё ҳудудида оқсил касаллиги сўнгги марта 2004 йилда Қозоғистон ва Қирғизистонда қайд этилган, – деди Бухоро вилоят ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Яшин Ражабов. – Бироқ шундай бўлса ҳам ҳушёрликни йўқотмай тизимли ишларни олиб бориш мақсадга мувофиқ. Бухоро вилоятида ветеринария назорати қониқарли даражада олиб борилаяпти. Ҳудудларда мунтазам дезинфекция ишлари бажарилиб, чорва моллари кўрикдан ўтказилади. Касалликларга қарши эмлаш тадбирлари тизимли олиб борилади.
Тадбирда хориж тажрибасини ўрганган ҳолда ҳудудлардаги соҳа мутахассисларининг тажриба ва малакаси оширилди.