Эпидемия қандай қилиб пандемияга айланди?
2019 йилнинг 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисми (Хубэй вилояти), Ухань шаҳрида номаълум пневмания пайдо бўлгани ҳақида маълум қилди.
Шарҳ
2019 йилнинг 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисми (Хубэй вилояти), Ухань шаҳрида номаълум пневмания пайдо бўлгани ҳақида маълум қилди.
Мутахассислар ушбу касаллик янги коронавирус эканини аниқлади ва у расман COVID-19 вируси, деб аталди. Янги йил арафаси табиийки, бу хабар кўпчилик томонидан Жанубий Шарқий Осиёда тез-тез тарқалиб турадиган, баҳор бошланиши билан чекинадиган одатий гриппларнинг бири, деб қабул қилинган бўлса ажаб эмас. Аммо вазият кундан-кун ёмонлашиб, вирус юқтириш ҳолатлари борган сари оммавийлашиб борди. Бир ой ичида Хитойда касалликка чалинганлар сони 50-60 мингдан ошди. Мамлакатда зудлик билан қўшимча касалхоналар қурила бошланди. Бошқа вилоятлардан вирусга қарши кураш учун тиббиёт хизмати ходимлари кела бошлади. Хитой ҳукумати бошчилигида мамлакатда янги вируснинг тарқалишига қарши умумхалқ кураши бошлаб юборилди. Халқаро ҳамжамият мазкур муаммо фақат Хитойга тегишли эканини қайта-қайта таъкидлаб, воқеалар ривожини кузатишда давом этди.
Одатда бир ҳудудда ёки бир шаҳарда тарқалган юқумли касаллик врачлар тили билан айтганда, эпидемия деб аталади. Ухань шаҳридаги воқеаларга ҳам бошида эпидемия сифатида қаралди. Ҳатто, янги турдаги вирусни юқтириш ҳолатлари Япония ва Жанубий Кореяда учрай бошлаганида ҳам офат эпидемия сифатида қарши олиниб, узоқ шарқдан бери келмайди, деб қабул қилинди. Ушбу воқеаларга мана атиги икки ой бўлди.
Хўш, Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлган офат бир ҳудуд билан чегараланган эпидемия бўлиб қолдими? Йўқ, албатта. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган ҳафта COVID-19 вирусининг эпидемиядан, яъни бир ҳудуд чегарасидан чиқиб, сайёрамизнинг 151 та мамлакатига тарқалиб улгурган пандемияга айланганини эълон қилди.
Биргина мисол, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ)нинг маълум қилишича, ўтган 24 соат ичида дунёда 14 минг киши коронавирусга чалинган, 862 киши вафот этган. Охирги бир кунда 13 минг 903 кишида вирус юқтириш ҳолати кузатилган, уларнинг атиги 29 нафари Хитой фуқаролари. Қолганлари бошқа давлатлардан. Ҳозирда дунё бўйича коронавирус юқтириб олганлар сони жами 167 минг 511 кишини ташкил этди. Дунё бўйича 6 минг 606 киши офат қурбони бўлди, шулардан 3 минг 388 ўлим ҳолати Хитойдан ташқарида қайд этилган.
Коронавирусга чалиниш ҳолати энг кўп Хитой ( 80,8 мингдан кўп)да тарқалган бўлишига қарамай, ҳозир бу мамлакатда аҳвол яхши томонга ўзгарган. Коронавирус юқтириш ҳолатлари кундан-кунга камаймоқда. Жанубий Корея ва Япония ҳам инфекция тарқалишини назорат остига олгани сабаб, ушбу мамлакатларда ҳам вирус юқтириш ҳолатлари тобора камаймоқда.
Асримиз глобализация асри, мамлакатлар, халқлар, минтақалар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий алоқалар юқори суръатда кенгаймоқда. Дунёнинг у нуқтасидан бу нуқтасигача бир неча соатлик йўл бўлиб қолди. Одамлар, товар ва маҳсулотлар, ғоялар жадал суръатларда ҳаракатланмоқда. Дунёнинг бир нуқтасида пайдо бўлган технологик янгилик, эртага дунёнинг бошқа бир нуқтасида ҳаётга жорий қилинаётгани ҳозир ҳеч кимни ҳайратга солмайди. Зеро, бир мамлакатнинг иқтисодиётини жаҳон иқтисодиётидан айро тушуниб ҳам, қабул қилиб ҳам бўлмайди. Таассуфки, бу фақат инсониятнинг илмий-маданий, гуманитар ютуқларига эмас, балки табиий офатларга, касалликлар ва бошқа муаммоларга ҳам тегишлидир.
Икки ой олдин Хитойнинг дунё аҳли ҳали унчалик танимайдиган Ухань шаҳрида пайдо бўлган номаълум вируснинг бугунга келиб 150 дан ортиқ мамлакатга тарқалгани ушбу фикримизни яна бир бор тасдиқлаб турибди. ЖСТ маълумотларига эътибор қаратинг: Италияда ҳозиргача коронавирусга чалинганлар 27,9 мингдан кўп қайд этилди. Бу кўрсаткич Эронда 14,9, Испанияда 9,9, Жанубий Кореяда 8,3, Германияда 7,2, Францияда 6,6, АҚШда 4,7, Швейцарияда 2,3 ва Буюк Британияда 1,5 мингдан кўп қайд этилган.
Бу борада МДҲга аъзо мамлакатларда ҳам аҳвол яхши эмас.
Тожикистоннинг “Ховар” ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, 17 март ҳолатида COVID-19 инфекциясига чалинганлар Россияда 93 кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич Арманистонда 52, Беларусда 36, Молдовада 29, Озарбайжонда 25 ва Украинада 7 кишига етган.
Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Алтинай Омурбекованинг маълум қилишича, мамлакатда эпидемиологик вазият барқарор, мамлакатда COVID-19 инфекцияси билан касалланганлар йўқ. Тожикистон ва Туркманистонда ҳам коронавирусга чалинганлар қайд этилмаган. Аммо Қозоғистонда аҳвол бироз хавотирли. Куни кеча мамлакатнинг Ахборот ва жамоатчилик ривожланиши вазирлиги оммавий ахборот воситаларини фавқулодда вазият шароитида ёлғон хабарларни тарқатмаслик бўйича масъулиятни кучайтириш ҳақида эслатди. Ўтган якшанба куни Қозоғистон Республикаси президенти К.Токаев томонидан ўтган ҳафта мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди.
“Казинформ” ахборот агентлигининг маълум қилишича, куни кеча Нур-Султан шаҳрида яна 14 кишида коронавирус борлиги қайд этилди. Эрталаб Алмати шаҳрида ҳам уч киши коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди. Ҳозиргача Қозоғистонда жами 27 киши коронавирусга чалингани тасдиқланди.
Қўшни Афғонистонда коронавирусга чалинганлар сони 21 кишини ташкил этди.
Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ҳозирда мамлакатимиз қўшни давлатлар, дунёнинг иқтисодий юқори ривожланган мамлакатлари билан алоқаларни тобора кенгайтирмоқда. Мамлакатимизда жаҳоннинг йирик компаниялари, корпорациялари, халқаро молия муассасалари инвестициявий лойиҳаларини амалга оширмоқда. Ўзбекистон ҳаво йўллари самолётлари дунёнинг тўрт томонига парвоз қилиб турибди, темирйўл алоқалари давом этмоқда. Фуқароларимиз жаҳоннинг исталган мамлакатига бориб келмоқда, фарзандларимиз нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олиб қайтмоқда. Бундай шароитда, қанчалик эҳтиёт чоралари кўрилмасин, аҳоли эҳтиёткорликка чақирилмасин, сўнгги воқеалар ҳеч бир мамлакат вирус тарқалишидан кафолатланмагани яна бир бор ўз исботини топди.
2020 йил 15 март, якшанба куни соат 06:00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берилди.
Шу куни Республикамиз Бош вазири иштирокидаги коронавирусга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Вазиятни назорат қилиш, коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида мамлакат миқёсида тегишли зарур чоралар кўрилиши эълон қилинди. Жумладан, бозорларда нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўрилиши, вазиятдан фойдаланиб қолишга уринган тадбиркорларнинг “бойиши”га йўл қўйилмаслиги айтилди. Бунинг учун тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларига алоҳида топшириқлар берилди. Жараёнга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, Давлат солиқ қўмитаси жалб қилинадиган бўлди. Брифингда таъкидланганидек, мамлакатимизда озиқ-овқат ва бошқа захиралар етарли даражада ғамланган.
“Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликнинг тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда”, дейилади Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ахборотида.
Шукрона қилиб айтишимиз керакки, Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулоти билан ўзини-ўзини таъминлай оладиган дунёдаги саноқли давлатлардан бири. Шу боис, бу масалада ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига халқимизнинг ишончи комил. Зеро, ҳукумат томонидан бундай вазият доимий назоратга олиб борилади. Нафақат Тошкентда, балки ҳудудлардаги бирорта бозор, бирорта савдо дўкони, бирорта овқатланиш шохобчаси ёпилишига йўл қўйилмайди. Бозорларимиз азал-азалдан тўкин-сочин бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ахборот хизматининг маълум қилишича, мамлакатимиз озиқ-овқат саноатида 12 мингдан зиёд корхона ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Айни пайтда ушбу корхоналар ўз режимида ишламоқда. Корхоналарнинг аксариятида иш 1 сменада ташкил этилган ва қувватларнинг 70 фоизидан фойдаланилмоқда. Уларда яна қўшимча 30 фоиз қувватни ишга солиш ва ишни 2 сменада йўлга қўйиш имконияти мавжуд. Қолаверса, мамлакатимизда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган. Деярли барча хомашё юртимизда етиштирилади.
Айни пайтда юртимизда оммавий тадбирлар, Наврўз айёми билан боғлиқ байрам тантаналари, халқ сайллари бекор қилинди, олий ва ўрта таълим муассасалари ўқувчиларига таътил берилди. Талабаларнинг уйларига қайтиши учун вилоятларга автобуслар, қўшимча поездлар ташкил этилмоқда. Uzbekistan Airways дунёдаги мавжуд вазият ҳамда ҳукуматимизнинг парвозларни чеклаш чоралари ҳақидаги қароридан келиб чиққан ҳолда, март-апрель ойларида амалдаги парвозлар жадвалига вақтинчалик ўзгартиришлар киритди.
Республикамизда касалликнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича ҳукумат даражасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов жумладан шундай деди:
Барча вилоятларда юқори компитенцияга эга, яъни ўқитилган мутахассисларимиз бор. Бундан ташқари, санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг вилоятларда коронавирус тарқалиши эпидемиясига қандай чек қўйиш кераклигини биладиган мутахассислари бор. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда биз тайёргарлик жараёнларини ўрганиб чиқдик ҳамда мутахассисларимизни ўқитиб, тайёрладик. Шунингдек, вилоятлардаги ҳар битта шифохоналарда дезинфекция, индивидуал ҳимоя воситалари ва дори-дармонлар захираси яратилган ҳамда пухта тайёргарлик кўрилган.
Бундай пайтларда ҳар бир халқнинг ҳамжиҳатлиги, миллий бирлиги, ватанпарварлиги синовдан ўтади. Бинобарин, халқимиз учун ўзига хос бўлган оғир-вазминлик, бирнинг муаммосини эл муаммоси деб қабул қилиш, синовларда бирлашиш каби азалий қадриятларни кўрсатиш вақти келди.