ЕОТБ раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Евроосиё тараққиёт банки Бошқаруви раиси Николай Подгузов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида ЕОТБнинг молиявий ва инвестициявий маҳсулот ҳамда хизматлар кенг кўламини тақдим этувчи универсал халқаро молия институтларидан бири сифатидаги салоҳияти алоҳида таъкидланди.

Банк томонидан Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш, инфратузилмани яратиш ва модернизация қилиш, шунингдек, чегара олди савдосини кенгайтириш лойиҳалари молиялаштирилишини назарда тутган ҳолда, Ўзбекистон ва ЕОТБ ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболи муҳокама қилинди.
Учрашув якунида қайд этилган йўналишлар доирасида аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди ҳамда ЕОТБ экспертларининг Ўзбекистонга ташрифи жадвали келишиб олинди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
матбуот хизмати