Андижон вилояти Олтинкўл тумани пиллакорлари томонидан жорий йилда 194 тоннадан зиёд “кумуш тола” хирмонини яратиш режалаштирилган.
Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири, қолаверса, енгил саноатнинг муҳим хом-ашёси ҳисобланади. Шу боис ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Олтинкўл туманида жорий йилда 3 минг 400 қути ипак қурти парваришланиб, 194 тонна пилла хом ашёси етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-6686]
Тумандаги 12 та марказлашган инкубатория танлаб олиниб, 5-6 апрель кунлари уруғлар қўйилган эди. Парваришга тайёр бўлган 850 қути ипак қурти уруғлар тумандаги “Намуна”, Ашуров ҳамда “Андижон” массивларидаги 670 та пиллакорга етказиб берилди. Шу кунларда яна 2 минг 550 қути ипак қурти тарқатилди. Умуман, жорий йилда туман бўйича 2 минг 800 нафар қурт боқувчи ишга жалб этилади. Уларга ҳар бир қути ипак қурти учун 300 минг сўмдан аванс пули тарқатилмоқда.
Айни кунда туманда пилла етиштириш бўйича белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар ипак қурти боқувчилар билан келишувлар тузилди. Улар томонидан сўкчаклар тайёрланиб, ипак қурти парвариши бўйича барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш чоралари кўрилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА