Енгил саноат жадал ривожланмоқда
Миллий матбуот марказида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва енгил саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини юксалтириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва енгил саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини юксалтириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Жаҳонга машҳур ишлаб чиқарувчиларнинг технологик жиҳозлари билан таъминланган, замонавий ишлаб чиқариш комплексларига эга Ўзбекистон енгил саноати маҳсулотлар экспорти кўламини кенгайтирмоқда. Тармоқни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун махсус стратегия ишлаб чиқилган. Бу борада инвестициялар жалб қилиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор бериш муҳим омилга айланди.
Ўзбекистонда бой хомашё базаси, юқори малакали мутахассислар, қулай инвестициявий муҳитнинг мавжудлиги, имтиёз ва преференцияларнинг амалда қўлланилаётгани енгил саноатда инвестициялар ҳажмини тобора ошириш имконини бераётир. Чунончи, сўнгги уч йилда умумий қиймати 575,3 миллион долларлик ва 215,8 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга 92 саноат корхонаси ишга туширилди. Бунинг самарасида 11,6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси томонидан муҳим лойиҳалар амалга оширилаётир. Қўқон тўқимачилик комбинати негизида ташкил этилган йилига 29 минг тонна ип ишлаб чиқариш қувватига эга “Индорама Қўқон текстиль” қўшма корхонаси, Хоразм вилоятида “Ўзтекс Груп” томонидан “Свис Капитал” (Швейцария) компанияси билан ҳамкорликда йилига 12 минг тонна ип-калава тайёрлаш йўлга қўйилгани, собиқ “Ўзбектекстильмаш” ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида ташкил этилган “Ритер Ўзбекистон” хорижий корхонаси шулар жумласидан.
Бугунги кунда “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси тизимида қарийб 290 корхона фаолият юритаётир. Шундан 156 корхона Жанубий Корея, Ҳиндистон, Сингапур, Германия, Швейцария, Италия, Япония, Америка Қўшма Штатлари ва бошқа мамлакатлар инвесторлари иштирокида ташкил этилган.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги олдидан умумий қиймати 99 миллион долларлик ва 43,1 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга 18 янги корхона ишга туширилади. Бунинг самарасида мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Жорий йил якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати 2014 йилга нисбатан 20 фоиз, халқ истеъмоли товарлари эса 25 фоизга ўсиши кутилмоқда.