Енгил атлетикачимиз “Almaty Marathon”да совриндор бўлди
Кеча, 29 сентябрь куни Қозоғистонда ўтказилган “Almaty Marathon” мусобақасининг марафон, ярим марафон ва 10 километрга мўлжалланган югуриш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
50 та давлатнинг 15 600 нафар енгил атлетикачиси қатнашган марафон баҳсларида терма жамоамиз аъзоларидан Бекзод Бойматов белгиланган масофани 2:21:48 вақтда босиб ўтиб, 2-ўринни эгаллади. Ушбу йўналишда иштирок этган Зикрулло Маматқулов (2:39:01) саккизинчи ўриндан жой олди.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда қатнашган терма жамоамиз аъзоси Ширин Юсупова (3:50:44) 14-ўрин билан кифояланди.
Мусобақанинг ярим марафон пойгаларида ўз омадини синаб кўрган ҳамюртларимиздан Бахтиёр Ўткиров олтинчи, Нодирбек Муталипов еттинчи, Отабек Тошқувватов ўнинчи қаторда баҳсни якунлаган бўлса, аёллар ўртасидаги ярим марафонда Азизахон Мирзакбарова 4-ўринни банд этди.
10 километрга мўлжалланган пойгада ҳамюртларимиздан Максим Козачок 34:07 вақт кўрсаткичи билан 6-, Ойбек Маматкомилов 34:47 натижа қайд этиб, 9-ўрин соҳиби бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА