Енгил атлетика: Шарифа Давроновага ким рақиблик қилади?
Яна бир неча кунлардан сўнг Париж шаҳрида XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари бошланади. Ушбу мусобақанинг енгил атлетика баҳсларининг уч ҳатлаб сакраш мусобақасида мамлакатимиз шарафини ёш истеъдодли атлетимиз Шарифа Давронова ҳимоя қилади.
Шарифа учун ушбу Олимпиада биринчиси ҳисобланади. 17 ёшли атлетимиз Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси томонидан эълон қилинган рейтинг якунига кўра, уч ҳатлаб сакраш дастурида «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланди.
Хўш, Шарифа учун Олимпия ўйинларида асосий рақиб кимлар ва унинг имкониятлари қай даражада?
Венесуэлалик Юлимар Рохас жароҳати сабаб «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг уч ҳатлаб сакраш баҳсларида иштирок этмайди. Бу эса Шарифа Давронова ва у каби бошқа иқтидорли атлетлар учун мусобақада ғолиб бўлиш имкониятини янада оширади ва уч ҳатлаб сакраш баҳслари қайноқ ўтишини кафолатлайди.

Иқтидорли атлетимиз ўтган йиллар мобайнида ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилигида Колумбияда ўтган U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида, «Конья-2021» Ислом бирдамлиги ўйинларида, 2023 йил Қозоғистонда ташкил этилган ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатида, «Ханчжоу-2022» ёзги Осиё ўйинларида олтин медалларга сазовор бўлган. Шунингдек, турли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди. У ушбу натижалар орқали давлатимиз раҳбари томонидан «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди. Гарчи ёш бўлишига қарамасдан бир қатор ютуқларга эга бўлган Шарифа Давронованинг «Париж-2024»даги иштироки юқори натижалар билан якунлашига умид қиламиз.
Энди эса уч ҳатлаб сакраш баҳсларида Шарифага асосий рақиблик қиладиган атлетлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Улардан бири кубалик Леянис Перес Эрнандес ва Доминикан Республикаси шарафини ҳимоя қиладиган Теа Лафондир. Улар 12 июль куни Монакодаги Олмос Лигаси босқичида иштирок этиб, юқори натижалар қайд этди. Жумладан, бу мусобақада Леянис 14,96, Теа эса 14,87 метр натижа қайд этди. Бироқ Теанинг энг юқори натижаси 15,01 метрдир. Шу боис ҳам у ҳозирда Олимпия ўйинларида зафар қучиш учун энг кучли даъвогардир.

Жорий мавсум якунларига кўра, даъвогарлар орасида «Токио-2020» Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори испаниялик Ана Пелетейро-Компаоре ҳам бор. У июнь ойида Римда ўтган мусобақада 14,85 метр натижа билан Европа чемпиони бўлди. Монакода эса 14,21 метр натижа билан саккизинчи ўринни эгаллади.
Шарифанинг рақиблари орасида украиналик атлетикачи Мария Бек-Романчук ҳам бор. Жароҳати туфайли у мавсумнинг кўп қисмини ўтказиб юборган бўлсада, Монакодаги Олмос Лигасида 14,81 метр натижани кўрсатди. Унинг ортидан эса ямайкалик Шаника Риккетс 14,67 метр билан бормоқда.

Бизнинг ёш атлетимиз энг яхши натижага 2023 йили Ханчжоу шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида эришди. Шарифа Давронова ўша мусобақада 14,09 метр натижа кўрсатган эди.
Бу рақамлар Олимпия ўйинларида муҳим роль ўйнамайди. Умид қиламизки, тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт тадбирида атлетларимиз янги тарих яратади, дея умид қиламиз.
Маълумот ўрнида: Шарифа Давронова «Париж-2024» Олимпиадасидаги уч ҳатлаб сакраш баҳсларини 2 август куни маҳаллий вақт билан соат 18:15 да бошлайди. Финал босқичи эса 3 август куни соат 20:20 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА