Энг яхши пиллакорларга эсдалик совғалар берилди
Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари Сурхондарё вилоятидаги ипак қурти парваришининг учинчи ва тўртинчи мавсуми билан танишди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, Сурхондарё вилоятига 3 минг 60 қути ипак қурти уруғи шартнома асосида тарқатилган эди. Шунга кўра, ҳозирда бир қути ипак қуртини парваришлаган касаначи хонадонида камида 2-3 нафар одам иш билан банд бўлмоқда. Бу билан вилоятнинг ўзида учинчи ва тўртинчи мавсумларда 8 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди. Мазкур пиллакорлар 122 тонналик пилла хирмонини бунёд этишни мақсад қилишган.
Пилла қабули жараёнида касаначиларга етиштирган 1 кг пилла ҳосили учун тарозининг устида 25 минг сўмдан иш ҳақи тўлаб берилмоқда. Пиллакорлар етиштирган ҳосилнинг ўртача кўрсаткичи бир қути ипак қурти уруғидан 40 килограмдан 50-60 килогача пиллани ташкил этмоқда.
Энг яхши ишлаган 11 нафар пиллакор “Сурхон ипаги” МЧЖ пиллачилик кластери томонидан эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.


Гулноза Бобоева, ЎзА