“Энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичига старт берилди
Президент соврини учун ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг Сирдарё вилоят босқичига старт берилди. Танловнинг тантанали очилиш маросими Гулистон шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогик кадрларни тайёрлаш ва касбий ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ҳусанбой Ғаниев ҳамда Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева тадбирда иштирок этиб, танловнинг мазмун-моҳияти, нуфузи ва таълим тизимидаги ўрни ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.
Таъкидланганидек, мазкур танлов хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билим ҳамда кўникмаларини рағбатлантиришга хизмат қилади. Унинг нуфузи йил сайин ортиб, ҳудудлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирмоқда.
Ўтган йилги танловда Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилган Ширин шаҳридаги 2-сонли мактаб жамоаси республика босқичида муносиб иштирок этиб, 3-ўринни эгаллаган эди. Улар Лондон шаҳрига саёҳат йўлланмаси ва пул мукофотларини қўлга киритиб, вилоят таълими нуфузини янада юксалтирган.
Жорий йилги танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 299 та мактабдан 1495 нафар 7-9-синф ўқувчилари иштирок этган бўлса, улар орасидан саралаб олинган 55 нафар ўқувчи вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиб, ғолиблик учун баҳслашмоқда.
[gallery-29126]
Танлов жараёнлари инглиз тили бўйича уч асосий кўникма — эшитиш, ўқиш ҳамда лексик-грамматик билимлар асосида тест синовлари орқали баҳоланади. Иштирокчиларга топшириқларни бажариш учун 120 дақиқа вақт ажратилган.
Мазкур босқичда ғолиб деб топилган жамоа республика босқичига йўлланмани қўлга киритади ҳамда 250 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, иккинчи ўрин соҳиблари 200 миллион, учинчи ўринни эгаллаган жамоа эса 150 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА