Энг яхши лойиҳалар қўллаб-қувватланади
Андижонда “Ўзбекистонда тадбиркор аёллар ва ёш хотин-қизлар учун менторинг(устозлик) дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатиш” халқаро лойиҳаси доирасида семинар-тренинг ўтказилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури доирасида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳага Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида истиқомат қилаётган тадбиркор аёллар жалб этилган.
– Бир неча босқичда амалга оширилган ушбу лойиҳа Финляндия ҳукумати томонидан молиялаштирилди, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси матбуот хизмати раҳбари Замирахон Муқодирова. – Бундан кўзланган асосий мақсад хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, бу борада самарали иш олиб борувчи мутахассислар тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ҳудудларда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга қўмаклашишдир.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида БМТ Тараққиёт дастури экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида экспорт қилиш ва янги иш ўринларини яратиш учун энг мақбул бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аниқланди. Яъни қуритилган мева ва ёнғоқ аралашмаси, қуритилган мева ва ёнғоқдан тайёрланадиган снэклар, қуритилган сабзавотлар, ёнғоқ ва ерёнғоқ пастаси, мош, мураббо ва мевадан тайёрланган қиём ана шундай маҳсулот сифатида белгилаб олинди.
Аввалги босқичларда тажрибали бизнес-коучлар томонидан ўтказилган назарий ва амалий машғулотларда иштирокчиларга тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари, бозор муносабатлари шароитида ишлаш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, ҳисоб-китобларни юритиш, бизнесни молиялаштириш йўналишлари бўйича билимлар, кенг маълумот ва тушунчалар берилди.
[gallery-8844]
Ўтказилган якуний семинар-тренингда эса лойиҳанинг аввалги босқичларида муваффақиятли иштирок этган, тадбиркорлик соҳасида муайян тажрибага эга, жамоа бўлиб ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳаларида самарали фаолият олиб бориш, шунингдек, танлаб олинган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортини йўлга қўйиш салоҳиятига эга ишбилармон аёллар қатнашиб, ўзларининг бизнес-лойиҳалари тақдимотини ўтказди.
– Семинар-тренингда мош етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича бизнес-лойиҳамни тақдим этдим, – дейди Избоскан тумани Зарбдор маҳалласида яшовчи тадбиркор Муқаддасхон Содиқова. – Мен раҳбарлик қилаётган деҳқон хўжалигига 5 гектар ер ажратилган. Ана шу ердан янада самарали фойдаланиш ҳисобига мошдан юқори ҳосил олиш, уна қайта ишлаб экспорт қилиш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳамга мутахассислар томонидан қизиқиш билдирилди. Насиб этиб лойиҳам қўллаб-қувватланса белгиланган йўналишларда юқори натижаларга эришиш бўйича аниқ ҳисоб-китобларим бор.
Умуман, мазкур лойиҳа "Устоз-шогирд", яъни “Ментор ва менти” ўқув занжирини яратишга, самарали иш олиб бораётган қишлоқ аёлларининг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, стартапларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Лойиҳа якунида ҳар бир ҳудуддан энг яхши деб топилган учта бизнес-лойиҳа танлаб олинади ҳамда ҳамкорлар томонидан техник ва молиявий қўллаб-қувватланади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА