Сирдарё вилоятида ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва ижодкорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси ташаббуси билан олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Энг яхши ижтимоий лойиҳа” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Танловнинг мақсади талабаларнинг ижтимоий соҳадаги билим ва кўникмаларини амалиёт билан боғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ёрдам берувчи инновацион ғоя ва ечимларни илгари суришдан иборат эди. Бу ташаббус Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М. Оллоёровнинг Сирдарё вилоятига амалга оширган хизмат сафари чоғида билдирган таклифи асосида амалга татбиқ этилди.

– Бу танлов ёшларни ижтимоий ҳимоя соҳасида фаол бўлишга, жамиятдаги муаммоларга ижодий ёндашув билан ечим излашга ундайди, – дейди агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Қувончбек Ҳамдамов. – Энг муҳими, бу жараён орқали ёшлар назарий билимларини амалда қўллаш имконига эга бўладилар.
Танлов икки босқичда ташкил этилди. Дастлаб иштирокчилар ўз лойиҳаларининг паспортларини тақдим этдилар, кейин уларни ҳакамлар ҳайъати олдида ҳимоя қилдилар. Баҳолашда лойиҳаларнинг долзарблиги, ижтимоий аҳамияти, инновацион ёндашуви ва амалга ошириш имкониятлари асосий мезон сифатида эътиборга олинди.

Жами 20 нафардан зиёд талабалар ўз ижтимоий ғояларини намойиш этишди. Кўрик якунига келиб, ғолиблар аниқланди. Биринчи ўринни “International School of Finance Technology and Science” нодавлат олий таълим муассасаси талабаси Йўлдошева Замира Бахтиёр қизи қўлга киритди. Унинг “ИмконЕду” номли лойиҳаси ногиронлиги бўлган болалар учун мослаштирилган илова бўлиб, болаларнинг қобилияти ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўқув жараёнини осон, қизиқарли ва самарали ташкил этишни кўзда тутади. Лойиҳада овозли ўқиш, катталаштирилган шрифтлар ва онлайн таълим имкониятлари каби қулайликлар назарда тутилган. Бу илова орқали мактабга бора олмайдиган болалар ҳам уй шароитида таълим олиш имконига эга бўладилар.

Иккинчи ўрин Гулистон давлат университети талабаси Шамиддинова Ўғлой Камолиддин қизига насиб этди. Унинг “OsonSign” лойиҳаси ўзбек имо-ишора тилини интерактив усулда ўрганиш имконини яратади. Бу ташаббус эшитмайдиган фуқаролар билан мулоқот маданиятини кенгайтириш, ахборотга тенг кириш имкониятини таъминлаш ва “ҳамма учун очиқ жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Учинчи ўринни Гулистон давлат университети магистри Ҳамидова Зарина Шерали қизи қўлга киритди. Унинг “Кўчма тикув цехи – аёллар бандлиги ва ҳунармандчиликни ривожлантириш лойиҳаси” қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги аёллар учун меҳнат ва даромад имкониятини яратишга қаратилган. Махсус жиҳозланган мобил устахона аҳоли зич яшайдиган, аммо иш ўринлари чекланган ҳудудларга бориб хизмат кўрсатади. Шу йўсинда аёллар амалий кўникмаларни эгаллаб, тайёр маҳсулотларни ярмаркалар ва онлайн савдо орқали сотиш имконига эга бўладилар.
– Ёшларнинг ижтимоий соҳадаги ғояларини қўллаб-қувватлаш — жамият тараққиётининг янги босқичига йўл очади, – дейди танлов иштирокчиси Азиза Эшмуҳаммедова. – Бу каби имкониятлар орқали биз нафақат ижтимоий муаммоларга ечим излаймиз, балки ўз лойиҳамизни амалга ошириш учун ишонч ва илҳом оламиз.
Мутахассислар таъкидлашича, танловга тақдим этилган кўплаб лойиҳаларни бемалол амалиётга жорий этиш мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири