Энг яхши ижрочилар аниқланди
Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида элимизнинг ардоқли шоирлари “Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева шеърлари билан айтиладиган қўшиқларнинг энг яхши ижрочилари” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди.
Танловда 14 ёшдан 40 ёшгача бўлган 30 нафардан зиёд профессионал ва ҳаваскор ижрочи иштирок этиб, ўз иқтидорини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчиси Лайло Шарофиддинова кўрик-танловда мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази вилоят ҳудудий бўлими хонандалари Шаҳзода Умарова ва Назира Раимжонова иккинчи ўринни эгаллади. Боёвут тумани маданият маркази тўгарак раҳбари Мафтуна Эшмирзаева учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Ғолибларини тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев иштирок этиб, истеъдод эгаларига келгуси фаолиятида омад ва муваффақиятлар тилади.

Тадбир давомида вилоятдаги бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва кўрсатилаётган маданий дастурларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида уларга “Президент совғаси” сифатида мусиқа чолғулари, саҳна либослари, техник жиҳоз ва ускуналар тўплами топширилди.
Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев(сурат),
ЎзА мухбирлари