Андижон давлат техника институтида "ИнноWеек –2025" халқаро кўргазмаси доирасида илмий ишланмалар, стартап лойиҳалар ва инновацион маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди.
Олимлар, иқтидорли талабалар томонидан яратилган ишланмаларни тижоратлаштириш, уларнинг сотувини амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқарувчи ва олимлар интеграциясини таъминлаш, ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган кўргазмада Андижон вилоятидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабаларнинг илмий ишланма, стартап лойиҳалари ва инновацион маҳсулотлари намойиш этилди.
– Кўргазмада “Цемент ишлаб чиқариш корхоналарида энергия тежамкор қурилмаларни қўллаш ва чангли газларнинг атмосферага чиқишини камайтириш” деб номланган стартап лойиҳам билан иштирок эдим, – дейди Андижон техника институти талабаси Рухшона Маҳаммадова. – Ушбу лойиҳага ташкилотчилар, ишлаб чиқарувчилар томонидан алоҳида қизиқиш билдирилди.
[gallery-24635]
Шунингдек, кўргазмада хона чироқларини табиий ёруғлик нурига нисбатан автоматик бошқариш имконини берувчи смарт ёритиш тизими, узумбоғлар ва таъмирлаш ишларида фойдаланиладиган кўчма механик шотини лойиҳалаш ва татбиқ этиш сингари қатор лойиҳалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Кўргазмада тадбиркорлар, ёш стартап лойиҳа эгалари ҳамда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган лойиҳалар доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, йўлга қўйилган хизматлар ҳам намойиш этилди.
Тадбирда Инновацион ривожланиш агентлиги мутасаддилари томонидан иштирокчилар учун амалий семинар-тренинг ўтказилди. Венчур фондлар томонидан илғор, истиқболли деб топилган стартап ва лойиҳаларнинг молиялаштирилиши белгиланди.
Мутасадди ва мутахассислар томонидан энг яхши ва истиқболли деб топилган илмий ишланма, стартап ва лойиҳалар октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган "ИнноWеек-2025" халқаро кўргазмасида иштирок этишга тавсия этилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари