Энг яхши инновацион қуш уяси
Ҳар йили юртимизда 1 апрель - Халқаро қушлар куни кенг нишонланади. Сана муносабати билан турли тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, учрашув ва танловлар ўтказилади.
Жорий йилда ҳам ёшларда она табиатга меҳр-муҳаббат туйғусини кучайтириш ва қушлар оламига қизиқишини ошириш мақсадида Табиат ресурслари вазирлиги томонидан “Қушларни асрайлик” республика танлови эълон қилинган эди. Танлов доирасида вилоятдаги мактаб ўқувчилари “Энг яхши инновацион қуш уяси” лойиҳасида фаол иштирок этди.

– Танловни ўтказишдан мақсад қуш уяларини ясашда иштирокчиларнинг инновацион ва креатив ғоялари асосида ишлаши орқали ёшларнинг қушларга бўлган муносабатини яхшилаш ҳамда уларни кенг оммага тақдим этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат, –дейди Табиат ресурслари вазирлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нурали Болтаев. – 1906 йил 1 апрелда қушларни ҳимоя қилиш мақсадида Қушларни муҳофаза қилиш бўйича Халқаро конвенсия имзоланган. Бу дунё миқиёсида қабул қилинган дастлабки экологик ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Шундан бери ушбу сана жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида экологик жамоатчилик ва аҳоли томонидан Халқаро қушлар куни сифатида нишонланиб келинмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон фаунасида қушларнинг 19 туркумига оид 450 дан кўпроқ тури маълум. Жумладан , республикамиз табиатида ўрмон қушлари, чўл ва дашт қушлари, сув ҳавзалари (сувда сузувчи) қушлари, ботқоқ ва соҳил қушлари, кўчиб юрувчи ва ўтроқ қушлар каби экологик гуруҳларга кирувчи турлари кўп учрайди.

– Қушларнинг табиат ва инсон ҳаётидаги аҳамияти хилма-хил бўлиб, ўсимликларни чанглантириш, улар уруғларини тарқатиш, зараркунанда ҳашоратлар ва кемирувчиларни камайтиришга хизмат қилади, – дейди танловнинг фаол иштирокчиларидан бири Беҳруз Камолиддинов. – Қушларнинг табиатдаги эстетик аҳамиятини алоҳида таъкидлашни истардим. Уларнинг сайраши инсонда завқланиш ҳиссини уйғотади. Боғ ва хиёбонларнинг гўзаллиги ва тароватини янада оширади.

Танловда турли ёшдаги 50 нафар ўқувчи фаол иштирок этди ва уларнинг барчасига ташкилотчиларнинг “Ташаккурнома” ва эсталик совғалари топширилди.

Энг фаол 3 нафар иштирокчига эса Табиат ресурслари вазирлигининг эсталик совғалари берилди.
А.Бўриев, ЎзА