Энг яхши ишбилармонлар сараланди
Термизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Термизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, унинг ривожи йўлидаги тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, соҳа субъектларининг эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Ташаббус” кўрик-танлови хусусий сектор вакилларининг ўзаро тажриба алмашиши, ишбилармонлик қобилиятини намоён этиши учун қулай имконият яратиб, юксак самараларга эришаётган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар меҳнатини муносиб рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 10 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Ўтган йили соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун 556 миллиард 200 миллион сўм кредит маблағи ажратилиб, кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилди. 37 минг янги иш ўрни яратилди. Вилоят ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришида кичик бизнеснинг улуши 75,5 фоизга етди.
– Соғлом она ва бола йилида ўтказилаётган танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 450 дан ортиқ тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўз маҳсулотларини намойиш этди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов. – Улар орасидан энг яхши деб топилган 41 хусусий тадбиркорлик субъекти вилоят босқичида қатнашмоқда.
“Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича Ангор туманидаги “Таллашқон-Инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Эгамуродов биринчи ўринни эгаллади. Шўрчи туманидаги “Нурмат Хўжақулов” фермер хўжалиги раҳбари Хўшбоқ Эрназаров “Энг яхши фермер”, бойсунлик Мафтуна Азизова “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Миллий ҳунармандлик билан шуғулланаётганимдан фахрланаман, – дейди Мафтуна Азизова. – Биз тўқиётган гилам, кашта, аёллар сумкалари ва бошқа буюмлар турли кўргазмаларда муносиб баҳоланмоқда, хорижликлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу бизни янада кўпроқ изланишга, янги марраларга ундаётир.
Тадбирда 10 га яқин қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.