Энг намунали ҳарбийлар оиласи
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида “Намунали ҳарбийлар оиласи” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Унда тўққизта оила учта шарт бўйича ўзаро баҳслашди. Иштирокчиларнинг чиқишлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Журналистлар ижодий уюшмаси масъул мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танловда ҳарбийларнинг фарзандлари фаол иштирок этди.
– Беллашувларни томоша қила туриб ота-она учун фарзанд камолини кўриш қанчалар ёқимли эканини яна бир бор ҳис қилдим, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Маҳфират Зокирова.

– Оила – фарзанд билан тўкис, фарзанд билан – мустаҳкам. Улар туфайли ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишимиз ҳеч қачон сўнмайди. Қувонарлиси, ҳаётимиз мазмуни бўлган ўғил-қизларимиз бугунги танловнинг янада қизиқарли ўтишини таъминлади.
Мен ҳарбийларнинг оиласида улғаяётган шундай тарбияли, маърифатли, зукко бу болажонларга қараб ҳавасим келди. Юртимизда мана шундай фарзандлар камол топишини, ибратли оилалар, уддабурон оила соҳиблари кўпайишини чин дилдан истаймиз.
Беллашувда оилалар ўз чиқишлари орқали миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва ўзбекона меҳр-оқибатни кўрсатиб берди. Танловнинг якуний натижаларга кўра, фахрли биринчи ўринни III даражали сержант Баҳром Амонов оиласи эгаллади. Иккинчи ўринга подполковник Ғофуржон Уразбаев оиласи лойиқ топилган бўлса, учинчи ўринни подполковник Маъсуджон Рўзиевлар оиласи қўлга киритди.
А.Мусаев, ЎзА