Андижонда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг жамоатчилик муҳокамаси шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳматулла Арзиев, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, адлия бошқармаси мутахассислари, миллий-маданий марказлар, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– Жамоатчилик муҳокамасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад республика Ишчи гуруҳи томонидан Андижон вилоятида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожланиш муаммоларини ўрганиш юзасидан ўтказилган мониторинг якунларини муҳокама этиш, – дейди Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси Матлубахон Ғаниева. – Шу билан бирга вилоятдаги ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари ҳамда миллий-маданий марказлар бўлимларининг фаолият самарадорлигини ошириш ва янада такомиллаштиришга қаратилган амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
Жамоатчилик муҳокамасида дастлаб “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида ўтказилиши белгиланган конференцияларни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Маълумки, жорий йилнинг 28 январь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт Стратегияси қабул қилинган бўлиб, унинг 73-мақсадида республика ва халқаро миқёсдаги конференция ва анжуманларни ўтказиш масалалари белгиланган.
[gallery-9295]
Йиғилишда вилоятда фаолият юритаётган диний конфессиялар ҳамда миллий-маданий марказлар раҳбарларига шу йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган конференция ва анжуманларга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, миллатлар ўртасида тотувлик, конфессиялараро ҳамжиҳатлик, маданиятлараро мулоқот ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳаларида амалга оширилган ишлар бўйича илмий-оммабоп ва таҳлилий материаллар тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этишлари юзасидан маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, йиғилишда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди директори Зардуна Исмоилованинг вилоятдаги ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари ҳамда рус, қирғиз, уйғур, корейс ва арман миллий-маданий марказларнинг вилоят бўлимлари учун ажратилаётган давлат субсидиялари ахбороти тингланди.
Иштирокчилар томонидан юртимизда кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахслар, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, уларни давлат томонидан ижтимоий, иқтисодий, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Мажлисда Жамоат фонди томонидан нодавлат ташкилотларга субсидия ажратиш тартиб-таомиллари, ажратилган субсидия маблағларининг миқдори, уларни белгиланган сметаларга мувофиқ сарфланиши юзасидан қўйиладиган талаблар ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш тартиби юзасидан ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.
Йиғилишда вилоятда фаолият юритаётган ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш муаммоларини ўрганиш мақсадида республика Ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганиш ва мониторинг натижалари муҳокама қилинди. Бу борада амалга оширилаётган ибратли ишлар билан бирга, ўрганилган объектларда қатор камчилик ва муаммолар мавжудлиги, айниқса, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Темир дафтарга киритилган ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларини ҳал этишда камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилиши алоҳида қайд этилди.
Жамоатчилик муҳокамаси давомида иштирокчилар томонидан соҳадаги мавжуд камчиликлар, юзага келган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА