Энг муҳим лойиҳаларга грант ажратилди
Бухорода халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти ажратиш бўйича биринчи ва иккинчи танловлар ҳамда давлат ижтимоий буюртмаси танловига қабул қилинган лойиҳалар ғолибларига сертификат топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлигининг масъуллари, ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, грант ғолиблари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Йиғилишни ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг раиси, Олий Мажлис сенати аъзоси Абира Ҳусейнова бошқарди.
Таъкидланишича, эълон қилинган давлат гранти ажратиш бўйича биринчи ва иккинчи танловлар ҳамда давлат ижтимоий буюртмаси танловига жами 20 га яқин ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларидан лойиҳалари қабул қилинди. Шу жумладан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ННТлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусида ўтказилган давлат гранти биринчи танловига 8 нафар фуқаролик жамияти институтларидан 10 та лойиҳа қабул қилинди.
Уларнинг 8 таси ННТлардан, 2 таси фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидан тақдим этилган.
“Аҳолининг ҳуқуқий онги, инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда жамоатчилик назоратини ташкил этиш” мавзусида ўтказилган давлат гранти 2-танловига 5 нафар фуқаролик жамияти институтларидан 5 та лойиҳа ва 2 та давлат ташкилотидан 2 та лойиҳа қабул қилинган.
[gallery-3179]
Ишчи гуруҳининг ўрганишлари натижасида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ННТлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги давлат гранти бўйича ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 4 та лойиҳаларини 158,9 миллион сўмга, “Аҳолининг ҳуқуқий онги, инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда жамоатчилик назоратини ташкил этиш” мавзусида танловнинг 2 та лойиҳани 79,7 миллион сўмга қўллаб-қувватлаш тавсия этилди.
“Турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб-авайлаш, ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатликни таъминлаш” мавзусида давлат ижтимоий буюртмасига ўтказилган танловда фуқаролик жамияти институтидан 1 та лойиҳа қабул қилинди.
“Бухоро вилоятида жисмоний ривожланишда нуқсони бўлган айниқса эшитуви заиф кишиларнинг маънавий-маърифий билимлари тўғрисида хабардорлигини таъминлаш” мавзусида давлат ижтимоий буюртмасига ўтказилган танловда 1нафар фуқаролик жамияти институтидан 1та лойиҳа қабул қилинди.
Комиссиянинг ўрганишлари натижасида “Бухоро вилоятида жисмоний ривожланишда нуқсони бўлган айниқса эшитуви заиф кишиларнинг маънавий-маърифий билимлари тўғрисида хабардорлигини аъминлаш” мавзусида ўтказилган давлат ижтимоий буюртмасига 100 миллион сўмга, шунингдек, “Турли миллат ва элатлар вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русумларини асраб авайлашга,ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатликни таъминлаш” мавзусида ўтказилган давлат ижтимоий буюртмасини 100 миллион сўмга қўллаб-қувватлаш тавсия этилди.
–Лойиҳам хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик билим ва кўникмаларини ошириш орқали уларнинг бандлиги таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган эди, – дейди “Тадбиркор аёл” ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Дилбар Ахмедова. – Бугун комиссия қарорига асосан лойиҳам 40 миллион сўмлик грантни қўлга киритди. Бундан жуда хурсандман. Мазкур лойиҳа асосида олдимизга қўйилган вазифаларни амалга ошириб, хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик билим ва кўникмаларини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этишга киришамиз.
Шунингдек, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида ижтимоий шериклик доирасида самарали маънавий-марифий ва тарғибот-ташвиқот чораларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Кўрсаткичлари юқори юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, кўриш бўйича ногиронлиги бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, турли миллатлар маданиятини аҳоли орасида тарғиботини амалга ошириш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштириш ва ўтказишга ҳамда эшитуви заиф кишилар учун маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА