Энг кучли жамоа ғолиб бўлади
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг манежида волейбол бўйича “С” лигасининг Республика финал босқичига старт берилди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 280 нафар спортчи қатнашмоқда. Дастлаб барча жамоалар Тошкент темир йўл вокзалида кутиб олинди. Шу муносабат билан ташкил этилган очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири маслаҳатчиси Аваз Каримов ҳамда ЎзДЖТСУ ректори Маҳмуджон Болтабоевлар жамоаларни финал босқичида қатнашаётгани билан табриклади. Уларга омад тилади.

Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган мазкур спорт мусобақалари аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Турнирда 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган жамоалар ўртасидаги “С” лигаси беллашувлари кўтаринки руҳда бошланди. Ўйинлар 8 декабрга қадар давом этади.
А.Мусаев,
ЎзА.